20 май куни ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқаролар велосипедларда М-39 халқаро автомобил йўлида машиналар қатновини тўсиб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди.

Лавҳада фуқаролардан бири «Индорама» нинг ишчи-деҳқонлари иш ташлашётганлигини айтган. Сардоба туман ҳокимлиги ҳам йўлни ёпганлар «Индорама агро» кластери ишчилари эканини тасдиқлаган.

«Ойлик бермагани учун [йўлни тўсдик], ойлик кам беряпти. 1,5 млн сўм қопламаяти ҳеч нарсани. Ўша ойликни ҳам „объем“ қилмоқчи бўляпти. Биз сувчилармиз, сув қуямиз, шунга ҳақ тўлайди булар. Ойликни камайтирмоқчи», — дейди велосипеддаги ишчилардан бири.

Шу сабабли амалдорлар келмаётганини ва уларни чақириш мақсадида халқаро йўл тўсиб қўйилганлигини айтган.

Kun.uz манбаси мазкур ҳолат М-39 халқаро автомобил йўлининг Сирдарё вилояти ҳудудида рўй берганини маълум қилган.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га «бу хорижий компания эканлигини, ички ишларига ҳокимлик умуман аралашмасликлари»ни маълум қилди.

Раҳбарлар шунчаки фуқароларни тинчлантириш учун бораётгани ва ўрганиш натижалари бўйича баёнот берилиши айтилди.