Январ-апрель ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан офшор ҳудудларга тўловларни амалга оширган ҳолда 103 млн долларлик маҳсулот импорт қилинди. Бу экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш бўйича ҳукумат комиссиясининг 7 майдаги 30-сонли баённомасидан келиб чиқади (ҳужжат нусхаси Газета.uz да мавжуд).

Масалан, «Ўзмонтажмахсусқурилиш» AК томонидан 12 млн долларлик ярим тайёр темир маҳсулотларини импорт қилиш учун Гонконгга, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси корхоналари (ассоциация аъзолари рўйхати) томонидан 5 млн долларлик суюқ кристал модуллар, холодильниклар учун компрессорлар, элеватор ва конвеерлар каби маҳсулотларни импорт қилиш учун Гонгконг, Кипр ва Виргин оролларига, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси корхоналари томонидан 2 млн долларлик қадоқлаш машиналари, нефть ва фолга маҳсулотларини импорт қилиш учун Британ ҳудудлари, Маршалл ва Виргин ороллари, Гонконг, Гипралтар каби офшор ҳудудларга тўловлар амалга оширилган.

Ҳудудий корхоналар томонидан офшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали амалга оширилган импорт ҳажмларининг асосий улуши Тошкент шаҳри ($33 млн), Фарғона ($23 млн), Наманган ($6 млн) ва Сурхондарё ($4 млн) вилоятларига тўғри келиб, дори воситалари, махсус техникалар, асбоб-ускуналар, нефт маҳсулотларини импорт қилиш учун Гонгконг, Кипр, Маршал ва Багам ороллари, Британ ҳудудлари, Мальта, Гибралтар, Лихтенштейн каби офшор ҳудудларга тўловлар амалга оширилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, «Ўзмонтажмахсусқурилиш» AК, «Ўзелтехсаноат» ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» раҳбарларининг ўринбосарлари, шунингдек, Тошкент, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатдаги кооперацияни кенгайтириш бўйича ёрдамчилари ҳисобот даврида офшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали амалга оширилган импорт ҳажмларининг кескин ошиб кетишига йўл қўйган. Aгар улар биринчи ярим йилликда камчиликларни бартараф этмаса, ўз лавозимларидан озод этилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк бир ҳафта муддатда импорт шартномалари бўйича пул ўтказмаларини назорат қилишни ва офшор ҳудудларга пул ўтказмаларини олдини олиш мақсадида импортни амалга оширилишининг очиқлик, шаффофлик механизмларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклиф киритишлари керак.

2019 йилнинг ноябрь ойида Давлат солиқ қўмитаси валюта чиқиб кетиши ва муддати ўтган дебитор қарздорлик ўсиши шубҳали офшор ҳудудларга пул ўтказмалари юборилиши билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди.

2020 йил октябрь ойида ДСҚ ва Ўзбекистон МБ мониторинг қилиниши керак бўлган валюта операциялари қилинадиган офшор ҳудудлар рўйхатини кенгайтирган эди.

Жаҳон тажрибасида офшор схемалар

Юқорида келтирилган ҳолатларда офшор ҳудудларга пул ўтказмалари қандай мақсадда юборилганлиги ҳақида маълумот берилмаган. Лекин жаҳон тажрибасида офшор ҳудудли савдо схемаларидан валюта қонунчилигини айланиб ўтиш ва даромад солиғи ҳамда билвосита солиқларни (акциз ва божхона тўлови) пасайтириш мақсадида фойдаланилади. Мисол — ўртакаш компания билан импорт қилиш схемаси. Хорижий компания резидент компанияга товарни тўғридан-тўғри равишда жаҳон бозоридаги нархларда етказади.

Схемаларни қўллашдан мақсад қийин етказиб бериш йўлларидан фойдаланишда эмас, балки пул айланмаларининг ҳаракатини тўғри тақсимлашдир. Хорижий компания товар учун офшор компанияга тўловни солиқ бандаргоҳида амалга оширади. Бу мамлакатда халқаро савдодан олинган даромад солиққа тортилмайди ва каттароқ миқдорда бўлади. Кейинги босқичда офшор компания резидент импорт қилувчи компанияга товарлар учун тўловни амалга оширади.

Нарх тартибга солинади ҳамда бевосита солиқлар (даромад солиғи) ва билвосита солиқларга (ҚҚС, божхона тўловлари ва акциз) бўлган харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Нарх солиқ солиш базасига таъсир ўтказади ва бу схемани қўллашдан мақсад солиқларни камайтиришдир. Тўғри ҳисоб-китоб қилинса, импорт қилувчи камроқ солиқ тўлайди.