Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори лавозимига Умид Абидхаджаев тайинланди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар бермоқда.

Умид Абидхаджаев бунга қадар президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари бўлган.

2009 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университетини, 2014 йилда Япониянинг Кэйо университетининг магистратура босқичини ҳамда 2017 йилда Япониянинг Кэйо университетининг докторантура босқичини иқтисодиёт йўналиши бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Давлат мулки қўмитасининг Ташқи алоқалар ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси етакчи мутахассиси лавозимида бошлаган.

Японияда Осиё Тараққиёт Банки Институти, Осиё тараққиёт банкининг Осиё ва Тинч океани минтақасидаги инфратузилма инвестицияларини баҳолаш институти, Япониядаги Кэйо университети, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида фаолият юритган.