«Устувор йўналишимиз — олигархларсиз мамлакат қуришдир» — Украина президенти

Украина президенти Владимир Зеленский унинг раҳбарлик фаолиятидаги устувор йўналишларни, яъни олигархларсиз, урушсиз ва ҳамма қонун олдида тенг бўлган мамлакатни қуриш деб таъкидлади. «Қандай устувор йўналишлар бор. Биринчиси — биз олигархларсиз давлат барпо этмоқдамиз. Мамлакатимиз 40 млнлик аҳоли учун, юзлаб Forbes’дагилар учун эмас», — деди Зеленский Киевдаги матбуот анжуманида. ТАССнинг президент сўзларига таяниб маълум қилишича, Украинада олигархияни йўқ қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва ҳужжат, Зеленскийга кўра, «100 фоизга тайёр». Бундан ташқари, президентнинг таъкидлашича, ҳукумат бошқа давлатларнинг санкциялар сиёсатига боғлиқ бўлмаган, лекин мустақил равишда ўз суверенитетини ҳимоя қиладиган мамлакатни қурмоқда. «Биз барпо этаётган мамлакатимизда ҳамма қонунлар олдида, жумладан юқорида айтиб ўтганларим ҳам, бошқалар ҳам тенг бўлади», — дея қўшимча қилди у. Зеленский, шунингдек, ўзининг устувор вазифалари қаторида қашшоқлик бўлмаган ва ер одамларга тегишли бўлган давлатни барпо этиш деб айтди. «Ва энг муҳим устувор йўналиш шундаки, биз урушсиз мамлакатни барпо этмоқдамиз», — деди Украина президенти. — Интерфакс.


«Aрманистон ҳудудида 500−600 га яқин Озарбайжон ҳарбийлари қолмоқда» — Арманистон бош вазири в.б.

Aрманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият кескинлигича қолмоқда. 500−600 га яқин озарбайжон аскарлари ҳали ҳам Aрманистон ҳудудида, дея келтиради ТАСС Aрманистон бош вазири в.б. Никол Пашиняннинг сўзларини. Бош вазирнинг айтишича, аскарлар мамлакат ҳудудини тарк этишлари керак. Биз муаммонинг сиёсий ечимларини излашни давом этмоқдамиз ва биз ҳарбий эскалациянинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қиламиз", дея қўшимча қилди у. Шунингдек, таъкидланишича, Aрманистон Озарбайжон билан чегарани демаркация қилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. — ТАСС.


Исроил-Фаластин можароси пайтида Ғазо секторида 230 киши ҳалок бўлди

Исроил-Фаластин можаросида Ғазо секторида 230 нафар Фаластин фуқароси ҳалок бўлди ва 1,7 мингдан зиёд киши жароҳат олди. Вафот этганларнинг орасида 65 нафар бола, 39 нафар аёл ва 17 нафар кекса одам бор. Исроилда камида 12 киши ҳалок бўлгани таъкидланмоқда.

Шунингдек, маълум қилинишича, Ғазо секторидан Исроил шаҳарларига 4070 та ракета учирилган, секторнинг ўзида 610 та снаряд тушган. Маълумотларга кўра, Исроилнинг «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталарнинг 90 фоизга яқинини ушлаб қолган.


Европа Парламенти Туркияни арман геноцидини тан олишга чақирди

Европа Парламенти Туркияни икки халқ ўртасида ярашишга йўл очадиган Усмонли империясидаги арман геноцидини тан олишга чақирди. Бу ҳақда 19 май куни Брюсселда бўлиб ўтган ялпи мажлисда депутатлар томонидан маъқулланган Туркия тўғрисидаги парламент ҳисоботида айтилган. Европа парламентининг ҳисоботига 480 депутат овоз берди, 64 киши қарши чиқди, 150 киши бетараф қолди. Туркияда ушбу ҳисоботни рад этиб, ҳали ҳам Европа Иттифоқига аъзоликни ўзининг стратегик мақсади деб билишини айтди.

Туркия ҳукумати арманлар қирғини фактини тан олмоқда, аммо «геноцид» атамасининг ишлатилишига қарши чиқмоқда. Aнқаранинг фикрига кўра, арманларни қирғин қилиш ҳукумат сиёсатининг мақсади бўлмаган. Уларнингча, бунга турклар ҳам қурбон бўлган Усмонли империясидаги фуқаролар уруши сабаб бўлган. — ТАСС.

24 апрель куни AҚШ президенти Жо Байден Усмонли империясида арманларнинг оммавий қирғин қилинганини расман тан олган эди.


Япония мудофаа харажатларини чеклашдан воз кечади

Япония Мудофаа вазирлиги мудофаа харажатларини мақсадли равишда чеклаш сиёсатидан воз кечишни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, идора ҳар йили ўз бюджетини мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 1 фоизи миқдорида ушлаб турган. «Биз ЯИМга нисбатдан [харажатларни] режалаштирмаймиз. Мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган харажатларга жиддий ёндашамиз», деди мудофаа вазири Нобуо Киси. Шунингдек, у Япония ўзининг мудофаа салоҳиятини аввалги йилларга қараганда анча фаол суръатларда кучайтириши кераклигини айтди.

1976 йилда Такео Мики ҳукумати мамлакат Мудофаа вазирлиги бюджетини ЯИМнинг 1 фоизида ушлаб туришга ҳаракат қилишга қарор қилди. Ўшандан бери Япония мудофаа вазирлиги бюджети бу кўрсаткичдан атиги бир неча марта ошиб кетган. 2021 молия йили учун мамлакат бюджетининг харажатлар қисми 106,6 трлн иенани (1 трлн доллардан ортиқ) ташкил этади, шундан 5,3 трлн иена (тахминан 51,5 млрд доллар) ҳарбий мақсадларга йўналтирилади. — ТАСС.


Aфина ғарбидаги ўрмонларида ёнғинлар авж олмоқда

Грециянинг Пелопоннес ҳудудида ўрмон ёнғинлари авж олмоқда. Aфинадан 70 километр ғарбда жойлашган Коринтия вилоятида жойлашган олтита аҳоли пункти аҳолисини эвакуация қилиш тўғрисида эълон қилинди. Ёнғинларни ўчиришга 17 та самолёт ва учта вертолёт жалб қилинган, жойларда 182 нафар ўт ўчирувчи ишламоқда. Айтилишича, 20 май куни эрталаб Греция пойтахтида ёнғинлардан тутун кузатилди. — Ekathimerini.


Шунингдек:

  • ЖССТ COVID-19 туфайли чет элга саёҳат қилишдан воз кечишни маслаҳат берди.
  • Microsoft Internet Explorer интернет-браузерига хизмат кўрсатишни 2022 йил ёзида тўхтатади.
  • Ҳиндистоннинг шарқий соҳилидаги Бенгал кўрфазида кучли бўрон авж олмоқда. Маҳаллий синоптикларнинг прогнозларига кўра, бўрон кучайиб, яқин кунларда Ҳиндистоннинг қирғоқ ҳудудларига келиши мумкин.
  • Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, мамлакат рақамли ривожланиш вазири Aзамат Дийканбаев жуда катта миқдордаги пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган. Вазир лойиҳа бўйича шартнома муддатини узайтириш тўғрисидаги ижобий қарор учун пора талаб қилгаликда айбланмоқда.