Аёлларни реабилитация қилиш республика марказлари ташкил этилди

Президент қарори билан Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилди. Унинг ўрнига Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам бериш учун 24 соат узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» рақами йўлга қўйилади.

Марказларга зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар жойлаштирилади.

1 июндан бошлаб:

  • ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар профилактик ҳисобга олинади;
  • марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чоралари кўрилади.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори тайинланди

Умид Абидхаджаев Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори этиб тайинланди. У бунга қадар президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари бўлган.

Янги парк қурилиши сабабли қулупнай даласи бузилган деҳқонларга товон пули берилади

Ижтимоий тармоқларда Қибрайдаги қулупнай далаларидан бири бульдозер билан бузиб ташланаётгани акс этган видео тарқалди. Лавҳада воқеа жойида ички ишлар ходимлари ҳам бўлганлигини кўриш мумкин.

Халқ кенгаши депутати Феруза Бабашева «қулупнайни экишдан олдин тўхтатилса бўлмасмиди?», — деб ёзди. Вилоят ИИБ ердаги ҳосилни териб олиш ёки буздириш ишларига ички ишлар ходимлари алоқадор эмаслигини таъкидлади.

«Газета.uz»нинг туман маъмуриятидан аниқлик киритишича, ушбу ер участкаси «Янги Ўзбекистон» боғи, «Истиқлол» мажмуаси ва бошқа объектлар қурилиши учун ажратилган ҳудуд таркибига киради. Янги боғ қурилиши тўғрисидаги топшириқ берилганидан кейин деҳқонларга огоҳлантирувчи хат юборилган. Улар билан келишувга эришилган ва баённомалар расмийлаштирилган.

Ер эгаси ва ижарачиларига товон пулини тўлашга ваъда берилди.

Мусулмонлар идораси Қуддус бўйича нотўғри ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга чақирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Шарқий Қуддусдаги мусулмонлар учун табаррук минтақада нотинчликлар давом этаётганидан жиддий ташвишда эканлигини маълум қилди. Идора «ноўрин баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқаришга, нотўғри хатти-ҳаракатларга даъват қилаётган фитналардан эҳтиёт бўлишга» чақирди

ОТМларда коррупцияга қарши курашиш бўлимлари очилади

ОТМларда Коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини бошқариш бўлими киритилади. Мазкур бўлим бўлим бошлиғи ва бош мутахассис билан тақдим этилган. Бўлим бошлиғи лавозими талабалар сони 1500 кишигача бўлган ОТМда назарда тутилмаган.

«Пахтакор»дан ташқари яна 12 та футбол клубининг улушлари ҳокимликлар ва давлат компанияларига ўтказилди

Суперлига (9) ва Про лиганинг (4) футбол клублари устав капиталидаги давлат улушлари уларни кейинчалик сотиш учун давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар (компаниялар) юрисдикциясига ўтказилади.

Ҳужжатга кўра, Тошкент ҳокимлиги пойтахт «Бунёдкор»нинг эгаси ва бош ҳомийси бўлади. Aввалроқ, Газета.uz шаҳар маъмурияти «Пахтакор»нинг бош ҳомийси бўлиши ҳақида ҳам хабар берган эди.

Суперлиганинг «Навбаҳор» (Наманган) ва «Сурхон» (Сурхондарё) клубларида, шунингдек Про-лигада ўйнаётган «Шўртан» (Қашқадарё), «Нефтчи» (Фарғона) ва «Динамо» (Самарқанд) клубларида давлат улушлари вилоят ҳокимлиги бошқарувига ўтказилади. Шунингдек, «Насаф» (Қашқадарё) — «Шўртан Газ Кимё Комплекси», «АГМК» — ОКМК, «Бухоро» — Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, «Локомотив» — «Ўзбекистон темир йўллари», «Метталург» — «Ўзметкомбинат», «Машъал» — «Ўзбекнефтгаз» футбол клублардаги давлат улушлари хўжалик жамиятларига ўтказилди.

Ўзбекистон 103 млн долларлик маҳсулотларни офшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали импорт қилган

Тўрт ой ичида оффшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали Ўзбекистон корхоналари 103 млн долларлик маҳсулотни импорт қилдилар. Компаниялар Гонконг, Кипр, Маршалл ва Багама оролларига тўловларни амалга ошириб, дори-дармонларни, махсус жиҳозларни, ускуналарни, нефть маҳсулотлари ва бошқа товарларни олиб киришган.

Офшор ҳудудларга пул ўтказиш орқали амалга оширилган импорт ҳажмларининг асосий улуши Тошкент шаҳри ($33 млн), Фарғона ($23 млн), Наманган ($6 млн) ва Сурхондарё ($4 млн) вилоятларига тўғри келади.

Сирдарёда иш ҳаққидан норози кластер ишчилари велосипедларда автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Сирдарёда «Индорама» кластерининг ишчилари велосипедларда автомобиль йўлини тўсиб қўйди. Фуқаролар ойликдан норози эканликлари сабабли иш ташлаётганликларини маълум қилишган. Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги «мазкур ҳолат компаниянинг ички ишлари эканликлари ва ҳокимликка ҳеч қандай алоқаси йўқ эканлигини»ни таъкидлади.