Ўзбекистонда давлат органлари томонидан 18 турдаги маълумотномаларни талаб қилишнинг бекор қилиниши ҳар йили қарийб 15 млн доллар маблағни иқтисод қилиш имконини бериб, 12 млн нафар (аҳолининг 35%) фуқароларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда адлия вазири Русланбек Давлетов 19 май куни Петербург халқаро юридик форумидаги нутқида маълум қилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, март ойида президент бюрократик тўсиқларни камайтириш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ўшанда 18 турдаги ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиш бекор қилинди. 2020 йилдан бошлаб давлат идоралари фуқаролардан қарийб 30 турдаги гувоҳномаларни, шу жумладан яшаш жойи, иш жойи йўқлиги тўғрисидаги гувоҳномани ва бошқаларни сўрашни тўхтатдилар.

Вазир йил охирига қадар давлат хизматлари сонини 200 тага етказиш, барча давлат хизматларини инвентаризациядан ўтказиш, уларни тақдим этиш муддатларини қисқартириш, тарифларини пасайтириш ва шартларини соддалаштириш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Замонавий технологиялар яқин истиқболда мутлақ кўпчилик давлат хизматларини кунига 24 соат, ҳафтасига 7 кун режимида, яъни доимий асосда масофадан кўрсатиш учун бемисл имкониятларни тақдим этмоқда», — дея қайд этди Руслан Давлетов.

Вазир, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан бошқариладиган License тизими туфайли лицензия бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари электрон шаклга ўтказилганини маълум қилди. Лицензиялар ва рухсатномаларнинг махсус бланкаларда расмийлаштирилишидан воз кечилиши ва электрон ҳужжатлар беришга тўлиқ ўтилиши натижасида 1,5 млн доллардан зиёд маблағ, шунингдек 3,5 млн варақ қоғоз иқтисод қилинди. Бундан ташқари, рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига Адлия вазирлиги томонидан ўтган йили 100 тонна қоғоз иқтисод қилинди.

«Бундан ташқари, рақамли ечимларни жорий этиш ҳисобига Адлия вазирлиги томонидан ўтган йили 100 тонна қоғоз иқтисод қилинди», — деди вазир.

Маълум қилинишича, «Виртуал адлия» тизимини яратиш устида олиб борилаётган ишлар давом эттирилади. Бугунги кунда Адлия вазирлиги қарийб 50 та йирик ахборот тизимлари фаолият юритишини таъминламоқда.