Ўзбекистон ва Жаҳон банки янги беш йиллик ҳамкорлик дастурини тайёрлайди ва қабул қилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги Жаҳон банки делегациясининг учрашувида бу ҳақда келишувга эришилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Жаҳон Банки ўртасидаги аввалги ҳамкорлик стратегияси 2016 йилдан 2020 йилгача амал қилган.

Жаҳон банки делегацияси ҳам президент томонидан таклиф қилинган янги ҳамкорлик кун тартибини қўллаб-қувватладилар. У қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:

  • мамлакатда камбағалликни, энг аввало қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш орқали қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш;
  • сезиларли натижаларга эришиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар самарадорлигини ошириш;
  • республика ҳудудларини жадал индустриаллаштириш дастурини амалга ошириш ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасини давом эттириш;
  • тараққиётнинг инновацион моделига ўтиш, «яшил иқтисодиёт»ни жорий қилиш;
  • ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш;
  • коррупцияга қарши курашиш ва давлатнинг ривожланиш институтлари салоҳиятини ошириш;
  • йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини биргаликда илгари суриш.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларининг умумий портфели 7 миллиард долларни ташкил этади. Ҳозирги дастур таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби устувор соҳалар ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олган умумий қиймати 4,1 миллиард долларлик 23 та лойиҳани ўз ичига олган.