Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни «Российские железные дороги» компанияси («РЖД» ОАЖ) бош директори — бошқаруви раиси Олег Белозёровни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда амалий шерикликни кенгайтириш, жумладан, Ўзбекистонда темир йўллар тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш, юк ташишлар ҳажмини кўпайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш механизмларини йўлга қўйиш, йўловчи поездларининг қатновини қайта тиклаш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро молиявий институтларни жалб қилган ҳолда «Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳани ҳар томонлама тайёрлаш, шу жумладан техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қурилишни тез фурсатда бошлашга қаратилган ишларда иштирок этиш юзасидан келишувга эришилди.

«РЖД» раҳбари Олег Белозёров тармоқ компаниялари темир йўллар соҳасидаги шерикликнинг устувор вазифаларни амалга оширишда кенг кўламда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

Маълумот учун: Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон февраль ойида узунлиги 600 км га яқин бўлган Трансафғон темир йўли («Мозори-Шариф-Кобул-Пешавар») қурилиши бўйича қўшма ҳаракатлар режасини имзолаган эди. Мазкур лойиҳа беш йилгача муддатда амалга оширилади. Унинг учун 4,8 млрд доллар миқдорида кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилган. Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳага Россия ва қўшни давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганини маълум қилган эди. Шунингдек, Жаҳон банки раҳбарияти ҳам президент билан учрашувда лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

РЖД матбуот хизмати Тошкентда Олег Белозёров ҳамда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Россия ҳудудида темир йўл инфратузилмалари объектлари қурилиши учун Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларини жалб қилишда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаганини хабар қилди.