Сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасида таълим, фан, кадрларни тайёрлаш ва қайта ўқитиш соҳасида жиддий ўзгаришлар зарурлигини маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоевга тегишли топшириқлар бериб, тиббиёт соҳасидаги таълим услублари бундан 30−40 йиллар аввал тасдиқлангани ва дарсликларнинг аксарияти халқаро стандартларга жавоб бермаслигини таъкидлади.

Шунингдек, 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 17 та ихтисослашган марказда жами 7 мингдан зиёд ходим ишласа-да, улардан бор-йўғи 336 нафари илмий иш қилмоқда (докторлик диссертацияси атиги 29 та). Оқибатда, улардаги илмий салоҳият 34 фоизни ташкил этиб, айрим олийгоҳларда бу кўрсаткич камайиб бормоқда.

«Шу боис, Хаджибаев 11 та тиббиёт олийгоҳни трансформация қилиши зарур. Бу ишларни Тошкент тиббиёт академиясида бошлаш, унга Европа ва бошқа ривожланган давлатлардан профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш керак. Шунингдек, Академияда, илғор хорижий тажриба асосида, тиббиёт соҳасида бошқарувчилар ҳамда юқори технологик ускуналар билан ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш бўйича янги йўналишларни ташкил этсин», — деди президент.

Шунингдек, жорий йилда ординатура ва магистратурада ўқиётган 30 нафар иқтидорли ёшларни нуфузли хорижий тиббиёт марказларига малака оширишга юбориш топширилди. Ушбу мақсадлар учун янги ташкил этилган Давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан маблағ ажратилиши белгиланди.

«Умуман, соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Ушбу ажратилаётган маблағлар самарасини, ҳам аҳоли, ҳам давлат сезадиган тизим яратишимиз керак. Бунинг учун, ҳудудлар ва касалликлар кесимида сифат ва миқдор кўрсаткичларини белгилаш ҳамда, тажриба тариқасида, уларни баҳолаш тизимини, энг аввало, онкология ва гематология йўналишларидан жорий этишни бошлаш лозим», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хожибоев, молия вазири Тимур Ишметов, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собировга бир ой муддатда мазкур йўналишлар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.