Ўзбекистонда паралимпия ҳаракати ривожлантирилади

Президент паралимпия ҳаракатини ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилади. Бутун мамлакат бўйлаб ногиронларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароитларни кенгайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, мазкур қарор билан Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилади.

ID картаси бор ҳайдовчилар ЙПХ ходимларига айрим ҳужжатларни тақдим этмаслиги мумкин

1 сентябрдан бошлаб ID карталари бор ҳайдовчилар йўл патруль хизмати инспекторига нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома, техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ҳамда «тонировка» учун рухсатномани шахсан тақдим этиши шарт бўлмайди. 19 майдан бошлаб ID карта ёрдамида текшириш амалиёти Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилди.

Яна 500 минг доза хитой-ўзбек вакцинаси Ўзбекистонга келтирилди

19 май куни ўзбек-хитой олимлари ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 500 минг дозаси Ўзбекистонга олиб келинди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки янги ҳамкорлик дастурини тайёрлашади

Президент Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банки делегацияси янги беш йиллик ҳамкорлик дастурини тайёрлашга келишиб олдилар.

Жаҳон банки делегацияси ҳам президент томонидан таклиф қилинган янги ҳамкорлик кун тартибини қўллаб-қувватладилар. У қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:

  • мамлакатда камбағалликни, энг аввало қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш орқали қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш;
  • сезиларли натижаларга эришиш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар самарадорлигини ошириш;
  • республика ҳудудларини жадал индустриаллаштириш дастурини амалга ошириш ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳасини давом эттириш;
  • тараққиётнинг инновацион моделига ўтиш, «яшил иқтисодиёт»ни жорий қилиш;
  • ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш;
  • коррупцияга қарши курашиш ва давлатнинг ривожланиш институтлари салоҳиятини ошириш;
  • йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини биргаликда илгари суриш.

1 октябрга қадар ҳудудларга 1000 та Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машиналари етказилади

Президент топшириғига биноан 1 октябрга қадар ҳудудларга 1000 та Volkswagen Caddy русумли тез тиббий ёрдам машиналари етказилади. Ҳозир ҳудудларда 850 та хизмат муддатини ўтаган Damas тез тиббий ёрдам машиналари мавжуд.

Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали ташкил этилди

Ҳукумат қарори билан Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали ташкил этилди. Филиалга талабалар мутахассисликлар бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосида тенг улушда қабул қилинади. Ўқув жараёнлари 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Қўқондаги ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди

19 май куни соат 14:45да Қўқон шаҳар Оқтош кўчасида жойлашган «Ўзбекнефтегаз»га қарашли «UzGazOil» АЁҚШ худудида ГАЗ-53 ёқилғи ташиш автомобили (бензовоз) ёқилғи тўкиш вақтида ёнди.

ФВВ ҳудудий бошқармасининг 8та ёнғин-қутқарув экипажи томонидан ёнғин тўлиқ ўчирилди. Жароҳат олганлар ва қурбонлар йўқ.