Ижтимоий тармоқларда ИИБ бошлиғи Damas ҳайдовчисига товуш чиқарувчи мосламасини босгани учун эътироз билдиргани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ муносабат билдириб, вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлигини маълум қилган эди.

Хизмат текшируви якунига кўра, Пахтачи тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори катта лейтенант М.Тоғаевга ҳайфсан, йўл-патруль хизмати инспектори сафдор Ф.Ҳаитовга танбеҳ интизомий жазоси берилди. Улар фуқаролар билан мулоқот жараёнида, ҳушмуомала, камтар ва босиқ бўлмасдан, носамимийлик билдириб, Ички ишлар вазирининг «Муомала маданияти» ва «Одоб-аҳлоқ қоидалари» тўғрисидаги буйруғи ҳамда Интизом Устави талабларини бузганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи майор С.Ортиқовнинг хатти-ҳаракатларини вилоят Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган катта офицерлар таркибидаги «Интизомий кенгаш»да кўриб чиқилиши белгиланди.