18 май куни Ўзбекистонга Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг таъкидлашича, эртага шу вакцинадан яна 500 минг доза олиб келинади.

Ушбу вакцинанинг 1 миллион дозалик аввалги партиялари 27 март ва 27 апрель кунлари келтирилган эди. Шунингдек, март ойида 660 минг доза AstraZeneca, апрел ойида 100 минг доза «Спутник V» вакциналари ҳам олиб келинган.

Вазирлик хабарига кўра, Ўзбекистоннинг вакцина захираси 3 миллион 760 минг дозага етган. Айни пайтгача фойдаланилган 1 миллион 346 минг дозадан ортиқ вакцинанинг 62 фоизи, яъни 842 минг дозадан ортиғини ZF-UZ-VAC2001 ташкил қилмоқда. Шундан 91 минг нафардан ортиғи ўзбек-хитой вакцинасининг 2-босқичи билан ҳам эмланган.