Рўмол ўраб келган қизлар билан суҳбати аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган Чиноз туманидаги 45-мактаб директори Зубайда Тошпўлатова жамоатчилик ва ота-оналардан узр сўради.

Эслатиб ўтамиз, ушбу аудиоёзувда мактаб директори тўрт нафар юқори синф ўқувчи-қизларига рўмол ўраб келганлари сабабли танбеҳ бергани акс этган эди. Хусусан, директор қизларга: «Сизларга тепадан ваҳий тушдими? Ҳозир индашмаётганининг сабаби — сайлов ўтишини кутишаяпти, сайлов ўтиб олсин, кўрасизлар. Қанақадир ташкилотлар келиб суриштириши керакми ота-оналарингни?» каби-гап-сўзларни айтган эди.

«Ҳақиқатдан, кеча мактабга ўқувчи-қизлар мактаб формасисиз келганлиги сабабли ўз хизмат хонамга олиб кириб, очиқ рангли рўмолни орқа тарафдан ўрашлигини ўз хизмат ваколатим доирасида тушунтириш ишларини олиб бордим. Рўмол ўрамаслик ҳақида маҳаллий ҳокимият органлари ҳуқуқ-тарғибот (тартибот — таҳр.) органлари, Халқ таълими бўлими томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлгани йўқ», — деди Зубайда Тошпўлатова.

Мактаб директори рўмол билан сайлов жараёнларининг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, фақатгина сайлов жараёнлари вақтида халқаро кузатувчиларнинг ташрифи доирасида дунёвий мактабга уларнинг фикри ўзгармаслигини хоҳлагани учун уларга тушунтириш ишларини олиб борганини таъкидлади.

«Нотўғри тушунчага эга бўлганлигимни тушуниб етдим. Алҳамдулиллаҳ, мен ҳам мусулмон фарзандиман. Қилган бу нотўғри муносабатимдан жамоатчиликдан ҳамда ота-оналардан узр сўрайман», — деди.