Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг ҳаракатлари тўғрисида тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Хабарда айтилишича, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги «Уста Нормат» маҳалласи раиси Алишер Икромовни ҳақорат қилган ва унга қарши куч ишлатган.

Воқеа ҳолатларига ойдинлик киритиш учун вазирлик матбуот хизмати ва унинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари А.Икромов билан боғланишди. Унинг маълум қилишига кўра, 9 май куни Б.Раҳмонов уни юқорида кўрсатилган маҳалла ҳудудида жойлашган отасининг уйига чақирган.

«Маълумотларга кўра, 9 май куни у „Уста Нормат“ маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган, Б. Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилган. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланган, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилган», — дейилади Маҳалла вазирлиги хабарида.

Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда вазирлик ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.

Бахтиёр Раҳмонов шу йил январь ойида Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди. Бунгача у Олмазор, ундан олдинроқ — Сергели ҳоқими бўлган. 2011−2016 йилларда у пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Август ойида интернетга ўша пайтда пойтахтнинг Олмазор туманини бошқарган Бахтиёр Раҳмоновнинг учрашуви аудиоёзуви тарқалган эди. Унда Бахтиёр Раҳмонов «йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётгани» айтилган.