Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга бағишланган видеоселектор ўтказмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Унда давлат раҳбари Гулистон шаҳридаги битта оилавий поликлиникани хусусий шерикликка бериш бўйича тажрибани бошлаш кераклиги ҳақида гапирди. Бу борада соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев уч ой муддат берилди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун, Абдулла Азизовга рақамлаштириш соҳасида тендер ўтказиш, шартнома имзолаш, IT бўйича раҳбарларни танлаш ва тайинлаш, хусусий шериклик ҳамда халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилди.

Таъкидланишича, харидлар натижасида иқтисод қилинадиган бюджет маблағларини ушбу йўналишдаги янги лойиҳаларга йўналтиради.

Қолаверса, тиббиётни рақамлаштириш ва хусусий шериклик бўйича барча ваколатлар ва масъулият вазир ўринбосари Абдулла Азизовга ўтказилади.

«Тиббиёт муассасаларига айни пайтда 50 мингта компьютер етишмайди. Мисол учун, Жомбойда 12 та оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктидан 11 тасида компьютер ҳам, интернет ҳам йўқ», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, соҳани рақамлаштириш учун бюджетдан ажратилган 28 млрд сўм ўтган 4 ойда ҳали ҳам ўзлаштирилмаган.

«Энди, вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосар лавозими ташкил этилади ва улар Абдулла Азизовга бевосита бўйсунади. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта IT-оператор-ҳамшира лавозими жорий этилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Умаров, Содиқов, Азизовга икки ҳафта муддатда тиббиёт ходимлари учун компьютер саводхонлиги бўйича IT-марказларда бепул ўқув машғулотларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Абдулла Азизов йил якунига қадар аҳолининг саломатлиги тўғрисидаги ҳамда тиббий жиҳозлар маълумотлар базаларини тўлиқ йўлга қўйиши лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, 1 августга қадар электрон ордер тизимини ишга тушириб, барча ҳудудлар ва ихтисослашган марказларни уланишини таъминлаш зарурлиги айтилди.

1 августга қадар Сирдарё вилоятида, 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида барча поликлиникалар тўлиқ рақамлаштирилади. Бу борада Абдулла Азизов, Ғофуржон Мирзаев, Алимов ва Хотам Шокировларга тегишли топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, мутасаддиларга йил якунига қадар янги 11 та хусусий шериклик битимларини имзолаш ва 6 та бошланган лойиҳани ишга туширишга оид топшириқ берилган.