Узоқ давом этадиган иш куни 2016 йилда инсульт ва юрак томирлари касалликлари оқибатида 745 минг киши вафот этишига олиб келди, бу 2000 йилга нисбатан 29 фоизга кўпроқдир. Бу ҳақда 17 май куни Environment International журналида эълон қилинган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотларда айтилган. Ушбу маълумотлар ЖССТ сайтида келтирилган.

ЖССТ ва ХМТ дастлабки глобал таҳлилга кўра, ҳафтасига 55 соатдан кам бўлмаган вақт давомида ишлаш сабабли 2016 йилда 398 минг киши инсульт, 347 минг киши юрак касалликлари оқибатида вафот этган дея маълум қилди. 2000 йилдан 2016 йилгача бўлган вақт оралиғида узоқ муддат ишлаш натижасида юрак хасталигидан вафот этганлар сони 42 фоизга, инсультдан оқибатида вафот эганлар эса 19 фоизга кўпайган.

Иш билан боғлиқ касалликлар айниқса эркакларга (умумий ўлим ҳолатларининг 72 фоизи) тўғри келади. Бундай ҳолатлар Тинч океанининг ғарбий ва Жануби-Шарқий Осиё минтақалари аҳолисида ҳамда ўрта ва катта ёшдаги ишчилар орасида кўп учрайди. Ўлим ҳолатларининг аксарияти 45−74 ёшлар оралиғидаги инсонларда, ҳафтасига 55 соатдан кўпроқ ишлайдиган 60−79 ёшдаги одамлар орасида қайд этилган.

Тадқиқот натижаларига кўра ҳафтасига 55 соат ёки ундан кўпроқ вақт давомида ишлаш инсульт хавфини ҳафтасига 35−40 соат ишлаш билан таққослаганда 35 фоизга ва юрак томирлари касалликлари келиб чиқиши хавфини 17 фоизга оширади.

Маълумотларнинг кўрсатишича, ортиқча иш билан банд бўлганлар сони тобора кўпайиб бормоқда ва ҳозирги кунда бутун дунё аҳолисининг 9 фоизини ташкил қилмоқда. Ушбу тенденция сабабли одамлар «ногиронлик ва эрта ўлим хавфига дуч келишмоқда».

COVID-19 пандемияси иш вақтини ташкил этиш муаммосига яна эътибор қаратишга олиб келди. Пандемия даврида иш вақтининг ортишига олиб келувчи омилларнинг таъсири борган сайин кучаймоқда. «Узоқ вақт ишлаш кўплаб соҳаларда одатий ҳолга айланди, аксарият ҳолларда уй ва иш тушунчалари ўртасидаги чегаралар йўқола бошлади», — деди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.

ЖССТ ва ХМТнинг ҳукуматлар, иш берувчилар ва ишчиларга саломатликни муҳофаза қилиш бўйича тавсиялари:

  • ҳукуматлар мажбурий ортиқча иш вақтини тақиқловчи ва максимал иш вақтини чекловчи қарорлар, қонун ва қоидаларни қабул қилиши, амалга ошириши ва назорат қилиши мумкин;
  • иш берувчилар ва ишчилар уюшмалари ўртасида тузилган икки томонлама ёки жамоавий битимлар максимал иш вақтини белгилаш орқали янада мослашувчан иш вақтини таъминлаши мумкин;
  • ходимлар иш вақтини ҳафтасига 55 соатдан оширмаган ҳолда тақсимлашлари мумкин.