18 май куни президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга бағишланган видеоселектор ўтказди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, йиғилишда тиббий суғуртани республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

«Тиббий суғуртани жорий қилиш тезлашмаса, тиббиёт соҳасида ҳисоб-китоб ҳам, кескин ўзгариш ҳам бўлмайди», — деди президент.

Шунга кўра, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда молия вазири Тимур Ишметовга бир ой муддатда Сирдарёдан ташқари бошқа ҳудудларда ҳам тиббий суғуртани жорий қилишга оид режалар тақдимотини ўтказиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Сабиров ихтисослашган марказларини ислоҳ қилиши, уларни «туманбай» ва «маҳаллабай» ишлашга ўргатиши зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Фтизиатрия ва Педиатрия марказлари барча ҳудудларда ўз филиалларини ташкил этгани боис, пойтахтга келувчи беморлар сони сўнгги 2 йилда қарийб 20 фоизга камайган.

«Шу билан бирга, Нейрохирургия марказига бошқа ҳудудлардан мурожаатлар камайган бўлса-да, филиал ташкил этилмаган Хоразм вилоятидан қатнов 60 фоизга ортган. Шу боис, Улуғбек Собиров ихтисослашган марказлар билан вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларини бир-бирига боғлаш бўйича мутлақо янги тизимни яратиши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, жарроҳлик амалиётини талаб этмайдиган юрак қон-томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари, тери касалликларига диагноз қўйиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини туманларда амалга ошириш мумкин.

Кўз микрохирургияси, юрак қон-томирда стентлаш, урология, травматология, кўкрак ва қорин бўшлиғи йўналишларидаги жарроҳлик муолажаларини вилоят даражасида ташкил қилиш учун барча шароитлар етарли.

Бунинг учун бир қанча тиббиёт марказлари қуйидагиларни йўлга қўйиши шарт:

  • Травматология маркази — Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида протезлаш;
  • Хирургия ва Шошилинч марказлар — Самарқанд, Наманган ва Хоразмда буйрак трансплантацияси;
  • Кардиология маркази — Андижон, Навоий ва Қашқадарёда юрак қон-томирда стентлаш ва болалар юрак жарроҳлиги;
  • Урология маркази — Қорақалпоғистон, Жиззах ва Фарғонада буйракдан тош олиш муолажалари.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «республика марказларида эса, фақат мураккаб ташхисли касалликлар ва юқори технологик амалиётлар бажарилиши устувор бўлиши керак».

Шу боис, Улуғбек Собировга 17 та ихтисослашган марказлар директорлари билан бирга, икки ҳафта муддатда республика, вилоят ва туман шифохоналарида даволаш лозим бўлган касалликлар рўйхатини тасдиқлаб, қуйи бўғин шифокорлари малакасини ошириши вазифаси топширилди.

«Умуман, Улуғбек Собировга ихтисослашган марказлар ва уларнинг филиаллари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, жиҳозлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш, тендер ўтказиш ва шартнома тузиш, марказларга бюджет маблағлари ва ордерларни тақсимлаш ваколатлари берилади», — деди президент.

Вилоят ҳокимлари маҳаллий бюджет ҳисобидан тор доирадаги хизматлар йўлга қўйиладиган ҳудудий тиббиёт муассасаларини ангиограф, лапароскоп, сунъий қон айлантириш каби юқори технологик ускуналар ва тиббиёт воситалари билан таъминлашга масъул бўлади.

Ҳокимлар ва Улуғбек Собиров биргаликда икки ой муддатда ихтисослашган марказларга Европа давлатлари, Корея, Россия, Туркиядан тиббиёт бошқаруви экспертларини жалб қилиши зарурлиги айтилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари Улуғбек Собиров, Абдулла Азизов ва Баҳодир Юусупалиев икки ойда хусусий тиббиёт ташкилотларига лицензия бериш тартибини соддалаштириб, жараёнларни тўлиқ рақамлаштириши таъкидланди.