Филиппин президенти эмланиш пайтида вакцина танлашни тақиқлади

Филиппин президенти Родриго Дутерте мамлакат аҳолисига эмланиш пайтида вакцина танлашни тақиқлади. Унга кўра, мамлакатда мавжуд бўлган барча вакциналар самарали ҳисобланади. «Ҳеч қандай камситиш бўлмайди. Қайси вакцинани ишлатишни танлашингиз мумкин эмас, чунки уларнинг барчаси бир хил», — деди Дутерте. Унинг қўшимча қилишича, аксарият бадавлат одамлар АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналарни, масалан, Pfizer ва Moderna’ни кутишмоқда. «Бундай бўлмайди, сиз миллионер бўласизми ёки бошқами, фарқи йўқ, сиз танлай олмайсиз. Қайси туманда яшасангиз ҳам, барчангиз бир хилсиз, мен сизни танлашингизга йўл қўймайман», дея келтиради унинг сўзларини ТАСС.

ТАССнинг ёзишича, мамлакат AҚШнинг Moderna ва Россиянинг «Спутник V» вакциналари, шунингдек, Pfizer, AstraZeneca, Sinovac, Bharat Biotech ва Johnson & Johnson компаниясига тегишли Janssen вациналаридан фавқулодда фойдаланишни маъқуллаган. Филиппинда 1 март куни Хитойнинг CoronaVac препарати билан эмлаш бошланди. — ТАСС.


Колумбиядаги намойишларда 1,7 мингдан ортиқ одам жароҳат олган

28 апрелдан буён Колумбияда бўлиб ўтаётган намойишлар пайтида камида 1,7 минг киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Мудофаа вазирлигининг баёнотига кўра, жароҳатланганларнинг 802 нафари оддий фуқаролар, 920 нафари полиция ходимидир. Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида полиция 735 кишини ҳибсга олган. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан 18,2 минг дона совуқ қурол, 600 дона қурол, 318 дона пневматик қурол мусодара қилинди. — Колумбия Мудофаа вазирлигининг Twitter’даги саҳифаси.

28 апрель куни Колумбия бўйлаб солиқ ислоҳотларига қарши намойишлар бошлангани ҳақида хабар берган эдик.


Япония ҳукумати иммиграция ислоҳотидан воз кечди

Япония ҳукумати амалдаги иммиграция қонунчилигини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини мухолифат ҳамда жамоат ва халқаро ташкилотларнинг танқидлари ортидан қайтариб олишга қарор қилди. Қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, хусусан, қочоқлик мақомидан уч марта маҳрум қилинган чет эл фуқароларини мажбуран депортация қилишга рухсат беришга қаратилган эди. Қонун лойиҳасини танқид қилувчилар бундай ёндашувнинг ғайриинсонийлигини таъкидлаб, БМТнинг тегишли комиссияларида кутилаётган ислоҳотларни қораладилар. Япония иммиграция хизматининг маълумотларига кўра, 2020 йилда агентлик қочқин мақомини олиш учун келиб тушган барча мурожаатларнинг атиги 1 фоизини қондирган. — ТАСС.

Шунингдек: Токиода ишлайдиган олти мингга яқин шифокорлардан ташкил топган уюшма ушбу ёзда ўтказиладиган Олимпия ўйинларини бекор қилишни зарур деб ҳисобламоқда. Улар ҳозирда коронавирус пандемиясининг «тўртинчи тўлқини билан курашаётганларини» таъкидлашди ва, уларнинг фикрига кўра, янги тўлқин ҳозиргача энг кучлисидир.


АҚШ президенти ва вице-президенти солиқ декларацияларини эълон қилдилар

Оқ уй эълон қилган солиқ декларацияларига кўра, AҚШ президенти Жо Байден биринчи хоним Жил Байден билан бирга ўтган йили 600 минг доллардан сал кўпроқ ишлаб топган. Шу билан бирга, вице-президент Камала Харрис ва унинг эри Даг Эмхофф 2020 йилда 1,6 млн доллардан кўпроқ даромад кўрган.

Таъкидланишича, Байден 25,9 фоиз самарали ставка бўйича 157 минг доллар миқдорида федерал даромад солиғини тўлаган. Бундан ташқари, президент ва биринчи хоним Делаверда 28 минг доллар ва Виржинияда 443 доллар тўлашган. Шу билан бирга, улар 10 хил хайрия ташкилотларига 30 минг доллар миқдорида хайрия қилдилар. Энг катта хайр-эҳсон 2015 йилда онкологиядан вафот этган Жо Байденнинг ўғли Бо Байден номидаги фондга ажратилган 10 минг доллар бўлди.

Вице-президент ва унинг эри 2020 йилда тахминан 1,7 млн доллар ишлаб топган, улардан 36,7 фоиз самарали ставка бўйича 621 минг доллар федерал даромад солиғини тўлаган. Шунингдек, Харрис ва унинг турмуш ўртоғи Калифорниядаги даромад солиғи учун 125 минг доллар тўлашган, Эмхофф эса Колубия округидаги даромад солиғи учун 57 минг доллар тўлади. Харрислар оиласи 2020 йилда хайрия ишларига 27 минг доллар ажратган. — Оқ уй веб-саҳифаси.

Бундан аввал Украина президенти Владимир Зеленский ва оила аъзоларининг 2020 йилдаги даромадлар декларацияси ҳақида ёзган эдик.


Aргентина ички нархларни ушлаб туриш мақсадида мол гўшти экспортига бир ойлик тақиқ қўйди

Aргентина ҳукумати мамлакатдаги асосий нархлардан бири бўлган мол гўшти экспортини бир ойга чекламоқда. Бу ички нархларнинг муттасил кўтарилишининг олдини олиш мақсадида қилинмоқда. Ушбу даврда ҳукумат ушбу сектор учун фавқулодда чоралар мажмуини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. «Президент сўнгги бир неча ой ичида мол гўшти нархларининг барқарор кўтарилишидан хавотир билдирди», — дейилади Bloomberg хабарида. Нашрнинг таъкидлашича, Aргентинада инфляциянинг йиллик кўрсаткичи 50 фоизга яқинлашмоқда. Мамлакат президентининг сўзларига кўра, жорий этилган чоралар ижобий натижаларга олиб келса, экспортни тақиқлаш муддати қисқартирилиши мумкин. — Bloomberg.


Ҳиндистондаги довулли шамол туфайли 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг ғарбий қисмига келган ёмғирли циклон камида 21 кишининг ўлимига сабабчи бўлди. Яна 96 киши бедарак йўқолган. Юз минглаб одамлар электр таъминотисиз қолмоқда. Гужарат штатидаги аэропортлар, шу жумладан Сардара Валлабхай Патела халқаро аэропорти ёпилди. Маҳаллий метеорологик хизматларнинг хабар беришича, 17 май куни кечқурун шамолнинг максимал тезлиги 210 км/соатгача етган. Интерфакснинг ёзишича, циклон аста-секин сусайиб бормоқда, аммо яқин кунларда Ҳиндистоннинг аксарият ҳудудларида, айниқса Гужарат ва Махараштра штатларида кучли ёғингарчилик кутилмоқда. — Интерфакс.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоғига довулли шамол ва кучли ёмғирлар яқинлашаётгани ҳақида хабар берган эдик.


Грузия, Молдова ва Украина Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича меморандум имзолади

17 май куни Киевга ташриф буюрган Грузия ва Молдова ташқи ишлар вазирлари украиналик ҳамкасби билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича меморандум имзолашди. «Ушбу меморандум бизнинг Европа истиқболини рўёбга чиқариш йўлида фаол ишлаш ниятимизни тасдиқлайди», — деди Украина ташқи ишлар вазири. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжатда уч давлатнинг «Европа Иттифоқига қўшилишнинг бошқа муқобили йўқлиги» таъкидланган. Молдова ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, меморандум уч мамлакатга кейинги ўн йил ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш мақсадига эришишда ёрдам беради. — ТАСС.


Испаниянинг Сеута шаҳрига рекорд даражада ноқонуний муҳожирлар келди

Испания ҳукумати Aфриканинг шимолий қирғоғида жойлашган Сеута автоном шаҳрига рекорд даражада ноқонуний муҳожирлар келгани сабабли армияни сафарбар этишга қарор қилди. Маълумотларга кўра, бир кун ичида Марокашдан 5 мингдан зиёд киши, жумладан 1,5 мингга яқини вояга етмаганлар Испания шаҳрига сузиб келишган. Баъзи тахминларга кўра, Марокашдан Сеутага келган муҳожирлар сони 9 мингга яқин бўлиши мумкин. Кейинчалик Испания ҳукумати Марокашга 1,5 мингга яқин муҳожирни қайтариб юборгани ҳақида маълум қилди. ТАССнинг ёзишича, Испания шаҳрига ноқонуний муҳожирлар оқими Мадрид ва Рабат ўртасидаги дипломатик зиддиятлар фонида юз берган. — ТАСС.


Бошқа янгиликлар:

  • Исроил томонидан Ғазо секторига етказилган зарар 244 млн долларга баҳоланди. Маълумотларга кўра, Ғазода 800 дан ортиқ турар-жой бинолари бутунлай йўқ қилинди, яна 10 мингга яқини қисман вайрон қилинди.
  • Туркия президентининг сўзларига кўра, мамлакат коронавируснинг тарқалиши устидан назоратни қайта тиклашга муваффақ бўлди. Ҳозирда мамлакатда баъзи человлар юмшатилмоқда, шунингдек, вазиятни нормаллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишларнинг иккинчи босқичи 1 июндан кейин бошланиши режалаштирилмоқда.
  • Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рейтингида учинчи ўринга тушди. Сўнгги беш кун ичида Tesla акциялари нархи 8,3 фоизга пасайган.
  • Узоқ давом этадиган иш куни инсульт ва юрак касалликларининг келиб чиқишига, бунинг оқибатида ҳар йили юз минглаб инсонларнинг ўлимига олиб келади. ЖССТ ва ХМТнинг ушбу мавзудаги дастлабки тадқиқотларига кўра, ортиқча меҳнат қилиш касбий касалликлар учун энг муҳим хавф омилига айланган.