Самарқандда 17 ёшли қизнинг мурдаси топилди

Пастдарғом туманидаги каналда 17 ёшли қизнинг мурдаси топилди. Қизнинг яқинлари унинг номусига тегиб, кейин ўлдирганини гумон қилишаётганини билдирган. Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, марҳуманинг ўлими, сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққанини ва жинсий аъзоларида тан жароҳатлари аниқланмаганлиги айтилмоқда.

Жаҳон банки сув таъминотини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди

Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати «Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси бўйича молиявий ва грант битимлар ҳамда «Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича молиявий битимлар имзоладилар. Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 239 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит, шунингдек, Швейцария давлат котибиятининг иқтисодий масалалар бўйича 7,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги гранти ажратилади.

Яна бир миллион дозада хитой-ўзбек вакцинаси олиб келинди

18 май куни Ўзбекистонга Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси томонидан ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинди. Эртага ушбу вакцинадан яна 500 минг доза вакцина олиб келиниши айтилмоқда.

Чилонзор ва Ўзбекистон метро линиялари ишлаш вақтини ўзгартиради

21 майдан Тошкент метросининг Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишлари ишлаш тартиби вақтинча соат 6:00 дан 23:00 гача ўрнатилади (ҳозир — соат 5:00 дан 00:00 гача), дея таъкидлади компания.

Ушбу метро линияларининг иш вақтини ўзгартириш сабаблари, шунингдек, аввалги режимга қайтиш санаси кўрсатилмаган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари маҳалла раисини ҳақоратлаб, куч ишлатди — Маҳалла вазирлиги

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги «Уста Нормат» маҳалласи раиси Алишер Икромовни ҳақорат қилган ва унга қарши куч ишлатгани тўғрисида тарқалган маълумотни тасдиқлади.

Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда вазирлик ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.

Ҳокимнинг «махфий» қарори туфайли тадбиркорга товон пули тўлаб берилмади

Тошкентнинг туман ҳокими «махфий» қарорига биноан тадбиркор ер участкасини олиб қўйилиши муносабати билан ўз савдо объектидан маҳрум бўлди, дея маълум қилди бизнес омбудсман. Суд пойтахт ҳокимиятига бузилган иншоот учун тадбиркорга товон пули тўлаш мажбуриятини юклади.

«Бепул тиббиёт йўқ, ҳаммаёқда коррупция деяпти одамлар» — Шавкат Мирзиёев

Президент тиббиёт соҳасига бағишланган видеоселекторда республикадан ажратилаётган маблағлар тўғри сарфланмаётганини танқид қилди. «Бепул тиббиёт йўқ, ҳаммаёқда коррупция деяпти одамлар», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари соҳада ўзгариш қилиш шарт бўлган 5 та йўналишни белгилаб берган.

«Тиббий суғуртани жорий қилиш тезлашмаса, тиббиётда кескин ўзгариш бўлмайди» — президент

Сешанба кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев тиббий суғурта бўйича Сирдарё тажрибасини тезроқ бутун республикада ҳаётга тадбиқ этиш зарурлигини қайд этди. Бундан ташқари, жарроҳлик амалиётини талаб этмайдиган юрак қон-томир, ошқозон-ичак, нафас йўллари, тери касалликларига диагноз қўйиш, даволаш ва реабилитация жараёнларини туманларда амалга ошириш кераклиги айтилди.

1 августга қадар Сирдарёдаги, 1 ноябргача эса Тошкентдаги барча поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилмоқда.

Электромобилларни олиб кириш учун йиғимни бекор қилиш маъқулланди

Электромобилларни сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим бекор қилинади. Қонунчилик палатаси Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилди.