Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 17 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар тарқалди. Kun.uz нашрининг маълумотларига кўра, қиз Пастдарғом туман Чандир қишлоғида яшовчи, шу тумандаги 45-мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган. Марҳуманинг яқинлари фарзанди қотиллик қурбони бўлганини билдирган.

«11 май куни қизим оилавий рўза тутишимиз учун саҳарлик тайёрлашга уйғониб, бироздан сўнг йўқолиб қолди. Биз буни пайқаганимизда соат беш бўлиб қолган эди. Тезда излашни бошладик. ИИБ ва қариндошларга хабар бердик. Кўп ўтмай қишлоғимиздаги анҳор яқинидан унинг қўл телефони ва оёқ кийими топилди», — деди қизнинг отаси.

Унинг сўзларига кўра, 12 май куни эрталаб тонгги соат 5 лар атрофида қизнинг жасади анҳордан кўзи боғланган ҳолда топилган. Топилган вақтда унинг юзида жароҳатлар, бурни устида тирноқ излари бўлган.

«Биз ўзимиз кўрган жароҳатлар, кейинроқ топилган гувоҳнинг сўзларидан келиб чиқиб, қизимизни тўрт нафар одам аввал номусига тегиб, кейин ўлдирган деган гумондамиз», — деди марҳуманинг отаси.

Қизнинг яқинларига кўра, қиз йўқолган куни тонг саҳарда унинг қўлида бўлган телефонга бегона рақамдан жавобсиз қўнғироқ бўлган.

«Рақам эгасини топдик. Шу қишлоқда яшовчи йигит Ҳ.О. экан. У нима сабабдан қўнғироқ қилганини айтиб берди. Унга кўра, Ҳ.О. 11 май куни тонг саҳарда тўрт нафар боланинг қизимизни қуваётганини кўрган. Уларни инсофга чақирган, кейинроқ улардан икки нафари Ҳ.О.нинг қўлидаги телефондан қизга қўнғироқ қилган», — дейди қизнинг яқинлари.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, туман прокуратураси бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида 12 май куни С.Х.нинг мурдаси туманнинг «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Эски Анҳор» каналидан топилган.

Маълумотга кўра, С.Х.нинг бедарак йўқолиб, ўлик ҳолатда топилганлигини ҳолати юзасидан хизмат текширувлари ва судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланиб, воқеани бевосита гувоҳи бўлган ёки ундан хабардор бўлган шахслар доирасини аниқлаш ва улардан тушунтириш олиш ишлари олиб борилмоқда.

«Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими, сувга чўкишдаги механик асфиксиядан келиб чиққанлиги, С.Х.нинг қизлик пардаси бутунлиги, бузилмаганлиги, қизлик пардасини бузмасдан туриб жинсий алоқа қилишнинг имкони йўқлиги, шунингдек, марҳуманинг жинсий аъзоларида тан жароҳатлари аниқланмаган», — дейилади прокуратура баёнотида.

Ҳозирда, ҳолат бўйича Пастдарғом туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.