Ижтимоий тармоқларда ИИБ бошлиғи Damas ҳайдовчисига товуш чиқарувчи мосламасини босгани учун эътироз билдиргани акс этган видеолавҳа юзасидан ИИВ ЙҲХББ муносабат билдирди.

Видеолавҳага кўра, 8 май куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Мустақиллик кўчасида туман ИИБ бошлиғининг хизмат автомобили йўл четида турган Damas олдига келиб тўхтаган. Damas ҳайдовчиси уларга қарата сигнал чалганидан сўнг ИИБ ходимлари унга эътироз билдирган. ЙҲХБ ходими ҳайдовчидан ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган ва ўзаро мулоқот вақтида ходим муомала маданиятидан четга чиққан. Жумладан, қолган ҳужжатларни ҳам сўраган ЙҲХБ ходими уларни нима қилишини сўраган ҳайдовчига жавобан «Ейман», деб жавоб берилган.

Шундан сўнг ҳайдовчининг меъёрий ҳужжатлари тўлиқ бўлмагани сабаб маъмурий баённома тузилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Ҳолат юзасидан ҳозирда вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

«Барча ЙПХ ходимлари ҳамда йўл ҳаракати қатнашчиларидан ўзаро мулоқот вақтида муомала маданиятига риоя қилишларини сўраймиз», — дейилади ИИВ хабарида.