Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ҳафта Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов душанба куни ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг ҳафталик иш режасидан Жаҳон банки президентининг Европа ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Анна Бьерде билан учрашув ҳам ўрин олган.

Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, брифинг ўтказилаётган вақтда Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабридан бошлаб Ўзбекистон ЕИКда кузатувчи мамлакат мақомига эга бўлди.

Апрель ойида Қозон шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг мажлиси пайтида Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек ушбу меморандумни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси имзоланган эди.

Ҳужжат божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси, транспорт, энергетика, саноат ва агросаноат мажмуаси, интеллектуал мулк ва бошқа иқтисодиёт тармоқлари каби соҳаларда ахборот алмашинувини ўз ичига олган.