Ижтимоий тармоқларда Чиноз туманидаги 45-мактаб директори экани айтилаётган аёл кишининг тўрт нафар юқори синф ўқувчи қизлари билан рўмол борасида суҳбатлашгани акс этган аудиоёзув тарқалди.

Аудиёзувдан мактаб директори икки нафар 10, икки нафар 11-синф қиз билан суҳбат ўтказаётгани, битирувчи синф ўқувчилари мактабни тамомлаб кетиши, бироқ 10-синф ўқувчиларига кейинчалик қийин бўлишини айтиб қўрқитганини эшитиш мумкин.

«Мана шу мактабда ўқийдиган бўлсанг, рўмолингни ечасан. Кимга нима деб боришингдан қатъи назар шу гапимни етказ. Сизларнинг, мана шу рўмоллиларнинг сафи мактабда кўпайиб кетишини хоҳламайман. Чунки мактабнинг имижини бузади, — дейди аёл. — Агар йўқ, рўмолимни ечмайман, дейдиган бўлсаларинг, бошқа мактабга бориб ўқинглар».

Шунингдек, аёл битирувчи синф қизларига қора рўмолларини ечиб, кичкина шарфни орқадан боғлаб олишни топширди.

«Сенга нимадан, қаердан ваҳий келди? Тепадан ваҳий тушдими?.. Сизларга ҳозир индашмаётганининг сабаби, сайлов ўтишини кутишаяпти, сайлов ўтиб олсин, кўрасизлар. Сизларга ортиқча гап керакми? Қанақадир ташкилотлар келиб суриштириши керакми ота-оналарингни? Ота-онангга ортиқча ташвиш қилмоқчимисизлар?» — дейилади аудиода.

Ҳозирча Халқ таълими вазирлиги аудиоёзув бўйича расмий муносабат билдиргани йўқ.