14 май куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласи аҳолиси билан суҳбатда фаластин-исроил можаросига изоҳ берди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Фаластин ва Исроилдаги воқеалар, Ал-ақсо масжиди атрофидаги ҳаракатлар ҳақида гапирар эканмиз, биз фақат тинчлик бўлиши тарафдоримиз. Албатта, ҳар қандай масала бир стол атрофида ўтириб, муроса қилинсагина ҳал бўлади», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президентнинг Учтепа тумани Тепақўрғон маҳалласи аҳолиси билан учрашуви, 2021 йил 14 май. Фото: Президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди.

«Яна бир масала борки, тўхталмасам бўлмайди. Афғонистон воқеалари — бу ҳам бизни ташвишлантирмай қолмайди. Нимага десангиз, Афғонистон бўйича шунча қилган ҳаракатларимиз бизни ҳам тинчлигимизга замин яратади», — деди у.

Давлат раҳбари АҚШ ва унинг иттифоқдоши НАТО ўз қўшинларини олиб чиқишини ҳисобга олган ҳолда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлигини қайд этди.

«Биз ҳар доим энг оғир шароитга тайёр бўлишимиз лозим ва тайёр бўла олсак биз ҳеч қачон ютқазмаймиз», — деди у.

Президент оқсоқоллардан «адашганларни тўғри йўлга бошлаш»ни сўради.

«Тасаввур қилинглар, агар тинчлик бўлса, иқтисодиётимиз шу ривожланишда кетса, 10 йилдан кейин қандай бўлади? Иқтисодиёт бу — фарзандларимиз, невараларимиз келажакда қандай яшайди дегани. Бунинг учун сабр, матонат керак, пировардида тинчлик керак», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Душанба кунги брифингда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан Фаластин ва Исроил ўртасидаги вазиятнинг қатъийлашиши борасида қилган суҳбати тафсилотларига ҳам тўхталиб ўтди.

Шерзод Асадов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Мазкур масала икки давлат етакчилари телефон орқали мулоқотлари чоғида атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон Шарқий Қуддусдаги вазиятни кескин тус олишидан жуда ҳам ҳавотирда. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, томонларни зўравонликка чек қўйиш ва қон тўкилишини дарҳол тўхтатиш, бу борада мавжуд имкониятларни сафарбар қилиш керак деб ўйлаймиз», — деди у.

Ўзбекистон Аль-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлиги статус-квогача бўлган ҳолатга қайтиши керак деб ҳисоблайди.

«Умуман олганда Фаластин ва Исроил муаммоси халқаро меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида, хусусан, БМТнинг тегишли резолюциялари, биз кўп йиллардан бери қўллаб-қувватлаб келаётган „икки халқ учун икки давлат“ тамойили асосида ечилиши керак деб ўйлаймиз», — дея изоҳлади Шерзод Асадов.

БМТнинг хавфсизлик кенгаши 10 май куни исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши, жумладан, Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати Исроилга қарата ракеталардан ўқ узаётгани, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари эса Ғазо секторидаги объектларни бомбардимон қилаётгани муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказди.

Можаро апрель ойининг ўрталарида фаластинликлар ва Исроил хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар бошланган Қуддусдаги вазият фонида қайта тикланди. Бу тартибсизликларга Араб аҳолиси Рамазон ойида ўз вақтини ўтказиш мақсадида Дамашқ дарвозасидаги эски шаҳар олдида тўпланишига Исроил полициясининг қаршилиги сабаб бўлди. Қолаверса, Исроил судининг Қуддусдаги Шайх жарроҳ маҳалласидан бир неча Араб оилаларини чиқариб юбориш ҳақидаги қарори ҳам можаро келиб чиқишига туртки бўлган.

БМТ бош котиби Антониу Гутеррешнинг таъкидлашича, мавжуд вазиятдан чиқишнинг ягона йўли — БМТ резолюциялари ва олдинги келишувлар бўйича музокараларга қайтиш ва Қуддусни икки давлатнинг ҳам пойтахти деб тан олишдан иборат.

РБКнинг расмий маълумотларга таяниб хабар беришича, можаро бошидан бери 200 фаластинлик вафот этган, 5000 дан ортиғи жароҳатланган. Исроил томони эса 10 киши ўлгани ва 50 нафар атрофида жароҳат олганлар борлиги ҳақида хабар қилмоқда.