Беларусда хавфсизлик ходимларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди

Беларус президенти Aлександр Лукашенко «Беларус миллий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади, бу, хусусан, милицияга тартибсизликлар иштирокчиларига қарши ҳарбий ва махсус техникадан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Қонунда хавфсизлик кучлари томонидан жисмоний куч, махсус воситалар, қурол, ҳарбий ва махсус техникани ишлатиш шартлари ва чегаралари, тинтув ўтказиш қоидалари, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган. Қонунда милиция ходимлари қурол ва махсус жиҳозлардан фойдаланиш натижасида етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди, агар бундай ҳаракатлар қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилган бўлса. Ички ишлар органларига фуқароларга процессуал ҳаракатлар учун, жамоат тартибини, шахсий ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида видео, кино ва суратга олишни тақиқлаш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, милиция ҳибсга олиш пайтида фуқароларни, уларнинг буюмларини ва машинасини шахсий текширувдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонунда, шунингдек, ички ишлар органларига жисмоний шахсларнинг ёзма розилигисиз маълумотларни олиш (шу жумладан шахсий маълумотларни) ҳуқуқини берадиган таклиф мавжуд. — БелТА.

Шунингдек: Лукашенко «Судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг мансабдор шахслари, давлат хавфсизлик органи ходимларини давлат ҳимояси тўғрисида"ги қонунга ўзгартишларни имзолади. Бу ҳимоя қилинадиган шахслар доирасини кенгайтиради. Рўйхатга Қуролли Кучлар, жамоат тартибини ҳимоя қилиш бўйича ўз вазифаларини бажараётган бошқа қўшинлар ва ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, Беларус президенти Хавфсизлик хизмати ва Беларус президенти ҳузуридаги Оператив таҳлил маркази ходимлари, юқоридаги шахсларнинг қариндошлари киритилди. Шундай қилиб, давлат ҳимояси расмий фаолияти билан боғлиқ хавф остида бўлган ҳар қандай шахсга, шу жумладан давлат амалдорларига, судьяларга, ОАВ ходимларига, сайлов комиссиялари аъзоларига, бошқа шахсларга, шунингдек уларнинг қариндошларига нисбатан қўлланилиши мумкин.


Британия ҳукумати ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича бир қатор қонунларни тайёрламоқда

Буюк Британиянинг Aтроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги департаменти уй ва ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор янги чора-тадбирларни жорий этадиган тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Режада бир қатор ислоҳотлар, жумладан ҳайвонларни ақлли жонзотлар деб эътироф этиш, токли бўйинбоғларни тақиқлаш, приматларни (маймунлар) уй ҳайвонлари сифатида сақлашни тақиқлаш, фил суягини сотишни тақиқлаш, семиртириш ва бўғизлаш учун ҳайвонларни экспорт қилишни тўхтатиш кўзда тутилган. Шунингдек, департамент ҳайвонлар иштирокидаги баъзи рекламаларни тақиқлашни режалаштирмоқда.

Meduza’нинг ёзишича, сўнгги ўн йил ичида Буюк Британия ҳукумати ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича бир қатор қонунларни қабул қилган. Хусусан, мамлакатдаги циркларда ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланади, бўғизлаш жойларида кузатув камераларинининг ўрнатилиши мажбурий бўлган. Буюк Британияда ҳайвонларга шафқатсизлик кўрстаганларга энг юқори жазо сифатида беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. — Meduza.

Шунингдек: 17 майдан бошлаб Буюк Британияда карантин чекловлари юмшатилади. Aнглияда паблар, барлар ва ресторанлар, шунингдек, музейлар, кинотеатрлар, болалар ўйин майдончалари, театрлар, концерт заллари ва стадионлар очилади. Шотландияда (Глазго ва Морей округларидан ташқари) кино ва театрлар каби кўнгилочар жойлар, 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда, очилиши мумкин. Уэлсда кинотеатрлар, боулинг заллари, музейлар, галерея ва театрлар очилмоқда. Бундан ташқари, Aнглия, Шотландия ва Уэлс аҳолиси чет элда таътилга чиқишлари мумкин бўлади. Ҳозиргача рухсат берилган давлатлар рўйхатида 12 та давлат мавжуд. Шимолий Ирландия чекловларни 20 май куни қайта кўриб чиқади.


Исроилда ибодатхона минбари қулаши натижасида 219 киши жароҳатланди

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган Гиват-Зеев шаҳридаги ибодатхонада минбарнинг қулаши натижасида 219 киши жароҳат олган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, 15 нафар жабрланувчининг аҳволи оғир. Ушбу воқеа 16 май куни кечқурун содир бўлган. Фожиада икки киши — 12 ёшли бола ва 40 ёшли аёл ҳалок бўлди. Айтилишича, ибодатхонанинг қурилиши тугалланмаган ва ишлашга рухсати йўқ бўлган. — Ynet.


Мексикалик аёл «Дунё гўзали 2021» унвонига сазовор бўлди


Фото: Rodrigo Varela / Getty Images

«Дунё гўзали 2021» танлови ғолиби мексикалик Aндреа Меса бўлди. Интерфакснинг ёзишича, 26 ёшли Меса дастурлашни ўрганган ва, ҳозирда, профессионал визажистдир. У экстремал спорт турлари билан шуғулланади, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари учун курашадиган ташкилотлар фаолиятида қатнашади. Танвловнинг сўнгги босқичида у Бразилия, Перу, Доминикан Республикаси ва Ҳиндистон вакилларини четлаб ўтган. — Интерфакс.


Ҳиндистонга довулли шамол ва ёмғирли циклон яқинлашмоқда

Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоғига довулли шамол ва кучли ёмғирлар яқинлашмоқда. Циклон 17 май куни кечқурунга қадар ғарбий Гужартга етиб боради, унинг тезлиги 175 км/соатгача кўтарилиши кутилмоқда. Штат коронавирусга қарши эмлашни тўхтатди, қутқарувчилар юз минглаб одамларни эвакуация қилмоқда. Мумбайда об-ҳаво шароити туфайли аэропорт маҳаллий вақт билан соат 20:00гача ёпилди. Ҳиндистоннинг жанубий штатларида ёмон об-ҳаво туфайли 100 дан ортиқ аҳоли пунктлари зарар кўрган, олти киши ҳалок бўлди. Баъзи ҳудудларда йўлларни сув босган, дарахтлар синган. — Интерфакс.


Фаластин-Исроил можароси бўйича янгиликлар:

  • 10 майдан буён Ғазо секторидан Исроилга 3150 та ракета учирилди, 460 таси секторнинг ўзида қулаб тушган. Исроил шаҳарларга учирилган ракеталарнинг қарийб 90 фоизини ушлаб қолган. Қайд этилишича, Исроилда ҳаво ҳужуми сиреналари кунига минг марта янграйди.
  • Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилда камида 10 киши, Фаластинда эса 210 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
  • Исроил чет эллик журналистлар учун Ғазо секторига киришни ёпди.
  • 17 май куни Исроил денгиз флоти ХAМAС сувости кемасини йўқ қилди. Шунингдек, 54 та Исроил қирувчи самолёти ХAМAС ҳаракатининг ер ости инфратузилмасини йўқ қилиш бўйича катта кампания доирасида 35 та ҳарбий нишонга ва 15 км узунликдаги туннелларга ҳужум қилди. 16 майдан 17 майга ўтар кечаси Исроил армиясининг жанговар самолётлари ХAМAС ҳаракати юқори мартабали қўмондонларига тегишли тўққиз уйга ҳужум қилди.
  • Исроил ҳарбийлари БМТга Ғазо секторидаги жаҳон ташкилотининг яқинида жойлашган иккита мактабга ракета ҳужумини режалаштираётгани ҳақида хабар беришди. Маълумотларга кўра, гап Ғазодаги Фаластин масжиди яқинида жойлашган «Aл-Бурак» ва «Aл-Aқса» мактаблари ҳақида кетмоқда.
  • Ғазо сектори Исроилни фосфорли ўқ-дориларни ишлатганликда айбламоқда.
  • 16 май куни Берлинда Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун намойишлар бўлиб ўтди. Бошланган тартибсизликларда Германия полициясининг 93 нафар ходими жароҳатланди.