Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Кинематографияни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

У 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик институтини (1970) тугатган. Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр (1971−1974), бош режиссёр (1974−1984) бўлиб ишлаган.

Йўлдошев нуфузли байрам тадбирларининг, шу жумладан давлат раҳбари иштирок этган шодиёналарнинг ҳам бош режиссёри сифатида фаолият кўрсатган.

Kino-teatr.ru сайтидаги маълумотларга кўра, у Мирзо Улуғбек юбилейи (600 йиллиги, 1995), «Наврўз» байрами концерти (1995), Амир Темур юбилейи (660 йиллиги, Регистон,1996), Мустақиллик кунига бағишланган марказий байрам дастурлари, Самарқандда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» фестивалларига режиссёрлик қилган.

Кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилган Баҳодир Йўлдошев актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») каби образларни яратган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби, Калифорния академиясининг ҳақиқий аъзоси ҳисобланади.

У сўнгги пайтларда «Дийдор» театр студиясида ҳам бадиий раҳбарлик қилган ҳамда кўплаб шогирдларни тайёрлаган.