Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва бошқа органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида пора олишда гумонланиб, бир қанча мансабдор шахслар қўлга олинди, деб хабар бермоқда «Ўзбекистан 24» телеканали.

Тошкент ДХХ, шаҳар прокуратураси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Юнусобод тумани солиқ инспекциясининг катта инспектори МЧЖ вакилидан 3500 АҚШ долларини олганида ушланган.

«Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс ушбу пул эвазига МЧЖда амалга оширилиши режалаштирилаётган камераль текширувда ижобий ҳулоса берилишини ваъда қилган», — дея аниқлик киритди ДХХ ходими Маҳлия Валиқулова.

Ҳозирги вақтда солиқ органлари ҚҚСни ноқонуний камайтириб кўрсатишга уриниш бўлган «шубҳали» молиявий операцияларни амалга оширган компанияларда камераль текширувларни ўтказмоқда. 11 май ҳолатига республикамиз бўйича жами 12 786 та корхонада 1,4 млрд сўмлик асоссиз ҳисоб (зачет)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланди. Натижада 12 539 та, яъни (98,1%) корхонада 1,3 трлн сўм «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди, дейилади ДСҚ хабарида.

Андижон вилоятида Булақбоши туман давлат солиқ инспекцияси бош инспектори 15 млн сўм олган вақтида қўлга олинган. У фуқарога тегишли бўлган 33 сотих ер майдонининг асли солиқдан қарздорлиги бўлмасада, 30 млн сўм қарзи борлигини айтган. Қарздорликни бартараф қилиб бериш эвазига эса 15 млн сўм талаб қилган.

Наманганда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг мансабдор вакили 10 000 доллар пора билан ушланган. У Чортоқ туманида истиқомат қилувчи хусусий тадбиркорга боғдорчилик билан шуғулланиши учун Янгиқўрғон туманидан 10 га ер майдонини ажратиш бўйича туман ҳокими қарорини чиқариб беришини ваъда қилганлиги айтилмоқда.

Суриштирув давомида у мазкур пулларни Янгиқўрғон ҳокими ўринбосарига бериши кераклигини қайд этган ва тезкор тадбир давом эттирилган. Туман ҳокими ўринбосари ҳам Наманган шаҳрида 10 000 долларни олган вақтида қўлга тушган.

«Туман ҳокими ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия аъзоси сифатидаги ваколатларидан фойдаланишни режалаштирган ушбу юқори лавозимли шахс бошқа МЧЖга қарашли ер майдонидан 10 гектарни ажратиб беришни мақсад қилган», — дейди ДХХ ходими Маҳлиё Валиқулова.

ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва прокуратураси ходимлари ҳамкорликда Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи, шаҳар молия бўлими бошлиғини ҳам ушлади. У қурилиш ишлари билан шуғулланувчи тадбиркордан қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендерда ғолибликни қўлга киритишда кўмаклашишни ваъда қилиб, 2000 долларни олганида ушланган.