Яйпаннинг (Фарғона вилояти) «Турон» футбол клуби бош мураббийи Ислом Исломов Ўзбекистон Суперлигасининг саккизинчи турида «Қизилқум» билан кечган ўйиндаги мағлубиятдан (0:1) сўнг 13 май куни истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар қилди.

Жамоани вақтинча польшалик мутахассис Богуслав Баниак бошқариб турадиган бўлди. Суперлиганинг 9-турида «Сурхон» жамоаси билан ўтказиладиган учрашувга ўйинчиларни Богуслав Баниак тайёрлайди.

Қайд этиш жоизки, айнан Ислом Исмоилов даврида «Турон» (2017 йилда ташкил этилган) ўз тарихида илк бор Суперлигага чиққан эди. Ўшанда Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинида «Нефтчи» (Фарғона) устидан ғалабага эришган, ўйин эса футболчилар ва мухлислар иштирокидаги тартибсизликлар билан якунланган эди.

Исмоиловнинг Ўзбекистон чемпионати олий дивизионидаги карьераси муваффақиятсиз кечди. Биринчи икки учрашувда «Турон» мағлубиятга учради. «Сўғдиёна» билан кечган ўйиндан сўнг у футболдаги коррупция ҳақида гапириб, унинг жамоаси дарвозасига баҳсли пенальтини белгилаган ҳакамни танқид қилди.

Кейинроқ ЎФА учрашув арбитри Виктор Серазитдинов иккита ҳолатда нотўғри қарор қабул қилганини тасдиқлади ва уни номуайян муддатга Суперлига ўйинларидан четлаштирди. Мураббийнинг ўзи эса икки учрашувга дисквалификация қилинди.

Бироқ «Турон» қолган учрашувларда ҳам муваффақиятсиз ўйнашда давом этиб, 8 тур якунларига кўра бирорта ҳам учрашувда ғалаба қозонмади — бешта мағлубият, учта дуранг. Жамоа айни вақтда уч очко билан чемпионатнинг охирги ўринида бормоқда.