11 май куни Нукус-Тўрткўл йўлининг 225-километрида, Чилпиқ ёдгорлиги қаршисида Cobalt, Nexia ва Damas иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Xabar.uz хабар берди.

Машиналар тўқнашуви натижасида 6 киши — Cobalt йўловчиси, Nexia`нинг тўрт йўловчиси ва Damas ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди. Nexia ва Cobalt ҳайдовчилари шифохонага ётқизилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Zamon.uz.

12 май куни соат 10:30 ларда Чўжа-Ҳаққулобод йўлининг 22-километрида, Наманган вилояти Норин туманида учта автомобил иштирокида яна бир фожиали ЙТҲ содир бўлди.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, шу туманда яшовчи фуқаро (1978) Nexia автомобилида йўлнинг қарама-қарши қисмига ўтиб, аввал тумандоши (1976) бошқарувидаги Damas, сўнгра Наманган туманидан бўлган бошқа бир ҳайдовчи (1997) ҳайдаб келаётган УАЗ билан тўқнашув содир этган.

Натижада Nexia автомобилининг икки йўловчиси — Норин ва Пахтачи туманларида яшаган фуқаролар (1959 ва 1984 йилларда туғилган) воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Nexia ҳайдовчисининг ўзи эса бош мия чайқалиши, ўнг кўкрак қовурға суякларини ёпиқ синиши, ўнг оёқ болдир суягини ёпиқ синиши, йўловчилари, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро (1982) бош мия чайқалиши, иккала оёқ сон суягини ёпиқ синиши, Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи аёл (1982) бош мия чайқалиши, иккала кўз соҳаси гематомаси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича Норин туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан 2021 йил 12 май куни Ўз.Р ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Урганч яқинида содир бўлган автоҳалокатда 3 киши, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 6 киши, Қашқадарёда содир бўлган автоҳалокатда 7 киши, жумладан икки боланинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

ЙҲХББ маълумотларига кўра, январь-март ойларида Ўзбекистонда 1491 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, уларда 394 киши ҳаётдан кўз юмди, 1168 киши турли даражада тан жароҳатлари олди.