14 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга амалий ташриф билан келган Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда савдо, машинасозлик, энергетика, қазиб олиш саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, транспорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотлар ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилади.

Тожикистон Бош вазири икки давлат раҳбарларининг бўлажак саммитига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўришга, шунингдек, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлашга бор куч-ғайратини қаратишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 14−15 май кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши бўлиб ўтади. Тожикистон бош вазирининг мамлакатга ташрифи дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ҳам ўрин олган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.