13 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Президентлар муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, эзгу истакларини изҳор қилишди.

Иккитомонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг бошқа масалалари қаторида Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасида содир бўлган сўнгги воқеалар ҳам муҳокама қилинган.

Садир Жапаров мазкур ҳолатга шахсан эътибор қаратгани ва ўша вақтда Қирғизистон халқига кўрсатилган кўмак учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот давомида давлат раҳбарлари Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги қолган участкаларни рўйхатга олиш, қолаверса, сув, энергетика ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашишди.

Шу куниёқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди. Давлатлар етакчилари суҳбат давомида томонлар «Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили» сифатида Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият барқарорлашганини мамнуният билан қайд этишди.