13 май куни Ўзбекистон бўйлаб Рамазон ҳайити кенг нишонланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълумотларига кўра, пайшанба куни тонгда мамлакатнинг барча масжидларида жами 2 млн 576 минг киши Ҳайит намозини адо этган.

Шундан, 497 минг нафар ватандошимиз Тошкент шаҳридаги 106 та масжидда намоз ўқиди. Жумладан, 18 минг мусулмон Ҳазрати Имом мажмуасида, 30 мингдан ортиғи Шайх Зайниддин масжидида ва 20 минг атрофидаги ўзбекистонликлар Қуддуси Шариф масжидида байрам намозида иштирок этган.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов пайшанба кунги брифингда Рамазон ойида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга 13,4 млрд сўм миқдорида ёрдам кўрсатилганини қайд этди.

«Вақф» ҳайрия жамоат фонди кам таъминланган (8000 атрофида) оилалар эҳтиёжи учун 543 млн сўм ажратган.

Жорий йилда Рамазон ҳайити байрами муносабати билан мамлакат масжидларининг умумий даромади 14,6 млрд сўмни ташкил этди. Шундан, 10,29 млрд сўм ҳайрия эҳсонларидан иборат бўлса, 4,3 млрд сўм — закот ва фикрдан тушган. Музаффар Комиловнинг сўзларига кўра, мазкур маблағлар Ислом дини талабларига мувофиқ, белгиланган тартибда сарфланади.

«Газета.uz» пойтахтдаги Минор масжидидан фоторепортаж тайёрлади.