Қашқадарё вилояти Касби туманида катта тезликда келаётган «ВАЗ 21−01» автомашинаси ва йўлнинг қарама-қарши томонидан катта тезликда ҳаракатланаётган Nexia автомашинаси тўқнашиши оқибатида етти киши вафот этди (видео).

Ҳодиса 8 май куни соат 22:10 ларда Касби тумани Тошқўрғон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4р-92 «Қарши-Таллиқўрғон-Касби-Жейнов» автомобиль йўлининг 26 км.да содир бўлган, деб хабар бермоқда туман ҳокимлиги.

Бунинг оқибатида етти киши вафот этади. Яна икки нафар фуқаро шифохонада эканлиги айтилмоқда.

Вафот этганлар орасида бир ва тўрт ёшли болалар, шунингдек, 40 ёшга ҳам тўлмаган беш нафар шахс бўлган.

Ушбу воқеа юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчигилида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда ИИВ ЙҲХББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов ҳам онлайн қатнашган.

Йиғилишда ҳолатга баҳо бериш мобайнида ҳайдовчиларнинг йўл белгиларига риоя этмаслиги, йўл белгиларига беписанд қарашлари, белгиланган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланишлари, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобиль бошқариш ҳолатлари асосида келиб чиқаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, бахтсиз ҳодисаларга вилоятдаги умум автомобиль йўлларининг аҳволи, автомобиль йўлларидаги носозликлар сабаб бўлаётгани таъкидланган.

«Йўл белгилари, йўл чизиқлари ва йўлларнинг ўтказувчанлиги, йўлларни БДО-5 тўсиқлари билан бўлакларга ажратилмагани, айрим халқаро аҳамиятга эга бўлган йўллар йиллар давомида таъмирланмасдан қолаётгани, йўл ёритиш чироқларининг йўқлиги маълум қилинган. Бу ҳақидаги камчиликларни бартараф қилиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотларга тақдимнома киритиб, тегишли органларга маълумот учун юборилган бўлсада, ҳанузгача ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, бу ўз навбатида оғир оқибатли ЙТҲларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди», — дейилади хабарда.

«Бу каби ҳолатлар олди олинмас экан вилоят ҳудудида оғир оқибатли ЙТҲлари содир этилиши такрорланаверади. Ҳушёрликни оширишимиз, ўзимизни, яқинларимиз жонини хавфга қўймаслигимиз керак. Муқаддас рўзаи рамазон кунларида бундай мудҳиш воқеани қабул қилишимиз осон эмас. Марҳумларнинг яқинларига сабр, бардош тилайман. Барча фуқароларимизга бу ҳолат ибрат бўлсин. Йўл эркаликни кўтармайди», — деган Зоир Мирзаев.

Вилоят ҳокими Автомобиль йўллари директори Б.Рахимовга баҳорги кўрикдан кейин 4р-92 «Қарши-Таллиқўрғон-Касби-Жейнов» автомобиль йўлининг таъмирланиши учун ажратилган маблағни мақсадли сарфлаш ҳамда йўл белгилари ва махсус чизиқларни белгиланган мезон асосида қилинишини қаттиқ назоратга олишини айтиб ўтди.