6−12 май кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунлари кўра техник пахта чигитининг биржадаги нархи 31,2% га пасайиб, 12 май ҳолатига кўра маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 3 млн 403,9 минг сўмни ташкил этди, дея хабар қилди Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UzEx) хабар қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда, биржа савдоларига сотувчи-корхоналар томонидан 7 961 тонна пахта чигити қўйилди ва улардан 5 903 минг тоннаси, яъни 74,1% сотилди.

«Техник пахта чигитининг биржадаги нархларини пасайишига унинг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пасайтирилганлиги ўз ижобий таъсирини ўтказди», — дейилади хабарда.

Хусусан, ўтган даврда пахта-тўқимачилик кластерлари биржа савдоларига қўйиладиган пахта чигитининг бошланғич нархларини маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 4 млн 781,9 минг сўмдан 2 млн 933,3 минг сўмгача, яъни 38,7% га пасайтирди.


Техник пахта чигити нархининг пасайиши оқибатида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайди. Хусусан, ўтган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача — 5,3% га, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса мос тарзда — 11,3% га пасайиб, бугунги кунда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 млн 739,3 минг сўмни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш аломатлари билан 34 та пахта кластерига нисбатан иш қўзғатган эди.

«Газета.uz» апрель ойида кунгабоқар ёғи 26,5%, пахта ёғи 31%га қимматлашгани ҳақида ёзди.