Mening Fikrim жамоавий мурожаатлари порталида шаҳарларда транспорт воситаларининг максимал тезлигини чеклаш тўғрисида петиция эълон қилинди.

Мурожаат муаллифи Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш орқали шаҳарларда рухсат этилган максимал тезликни 50 км/соат, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар (мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқалар) яқинида 30 км/соатгача чеклашни таклиф қилмоқда.

Муаллиф Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига мурожаат қилади, унга кўра, автомобиль 30 км/соат тезликда ҳимоясиз (ҳимояланмаган) йўл иштирокчисига урилганда, кўп ҳолларда пиёдалар омон қолади, автомобиль тезлиги 50 км/соатда эса, уларнинг аксарияти вафот этиши мумкин.

ЖССТ пиёдалар ва транспорт воситаларининг тўқнашуви натижасида ўлимга олиб келадиган жароҳатларни олиш эҳтимолини кўрсатадиган қуйидаги маълумотларни келтиради:

  • 60 км/соатда юқори тезликда ўлим хавфи 95% ни ташкил қилади;
  • 50 км/соат тезликда ўлим хавфи 80% гача камаяди;
  • 40 км/соат тезликда ўлим хавфи 38−40% бўлиши мумкин;
  • 30 км/соат тезликда ўлим хавфи 10−13% гача камаяди.

«Бошқарув пайтида ҳайдовчилар ҳимояланган ҳолда автоуловда бўлишади ва кўпларида хавфсизлик камарлари ҳам тақилган бўлади, автоҳалокат пайтида улар ҳимоя қилинади, пиёдалар эса йўқ», — дейилади петицияда.

Муаллиф «бизнинг кўз олдимизда пиёдалар тезлигини ошириб юбориш оқибатида неча марта фожиа бўлганини» эслашни таклиф қилди.

«Шуни унутмангки, шаҳарда пиёдаларга қараганда транспорт воситалари анча кам. Ҳамма пиёдалар ҳам ёш ва соғлом эмас. [Бундан ташқари,] транспорт воситасидан чиқганда ҳайдовчилар ҳам пиёдаларга айланишади ва уларнинг ҳаёти бошқалар каби таҳдидларга дучор бўлади», — дея таъкидлади муаллиф.

Олий Мажлис палаталарига юборилган жамоавий мурожаат камида 10 минг овозга эга бўлиши керак. Ушбу петиция бўйича овоз бериш муддати уч ой ичида якунланади. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмайди.

Таҳририят номидан

«Газета.uz» эълон қилинган мурожаатни қўллаб-қувватлайди ва ўқувчиларни унга овоз беришга чорлайди.

Биз кўп йиллар давомида аҳоли пунктларида ҳаракатланишнинг рухсат этилган тезлигини 50 км/соатгача (ҳалқа йўллари ва юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган бошқа жойлар бундан мустасно) ҳамда мактаблар, болалар боғчалари, касалхоналар ва бошқа объектлар яқинида одамлар томонидан фаол ташриф буюриладиган пунктларда соатига 30 км гача камайтиришга чақириб келамиз.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда айнан мана шу чекловлар ўрнатилган, бир қатор мамлакатларда ҳатто 50 км/соат юқори тезлик деб ҳисобланади ва ушбу чегарани камайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.


ИИВ ЙҲХББ видеосидан лавҳа. Бошқарма йўлда милтилловчи чироқлар ва болалар кўринишидаги макетлар бахтсиз ҳодисалар сонини камайтиришда самарали деб ҳисоблайди.

БМТ ва ЖССТ транспорт хавфсизлигини бошқариш учун «хавфсиз тизимли ёндашув»ни илгари сурмоқда. У транспорт тизимида жиддий ёки ўлим ҳолатларига олиб келадиган жароҳатларнинг бўлмаслигига эришиш учун қаратилган Швециянинг «Vision Zero» («йўллардаги ўлим даражаси нолга тенглиги») стратегиясига асосланади.

ЖССТ 2030 йилгача Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш учун «ҲАЁТНИ қутқариш» («Спасти ЖИЗНЬ») техник ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқди. У олтита таркибий қисмни ўз ичига олади: тезликни тартибга солиш, инфратузилмани лойиҳалаштириш ва такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш, транспорт воситалари хавфсизлиги стандартлари, йўл ҳаракатида қонунийликни таъминлаш ва автоҳалокатларда омон қолиш.

2020 йилда Ўзбекистонда 6982 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, шундан 1689 ҳолати ўлим билан якунланган, уларда 1962 киши вафот этган. ЙТҲларда жароҳат олганлар сони 6591 кишини ташкил қилди. Сўнгги ҳафталарда болаларнинг ЙТҲлар қурбони бўлаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

2018 йилда ҳукумат 2018−2022 йилларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги консепциясини қабул қилди, аммо ҳужжат қабул қилинаётганда қайта кўриб чиқилиши керак эди. Баъзи номаълум сабабларга кўра аҳоли пунктларида ҳаракатланишнинг рухсат этилган тезлигини 70 дан 60 км/соатгача камайтириш таклифи концепциядан чиқариб ташланди.

Мамлакатда ҳали ҳам йўлларда, биринчи навбатда болалар ўлимини ва жароҳатланишини камайтириш ҳамда минималлаштириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар қабул қилинмаган. Янги кўчалар ва аҳоли турар жойлари барпо этилишда давом этмоқда, эскилари эса автоуловчиларга алоҳида эътибор билан қайта тикланади ва ИИВ ЙҲХББ йўлларда инфратузилма ўрнига «ўзини тутиш маданияти» ни яхшилашга эътиборини қаратишда давом этмоқда.

ИИВ ЙҲХББ видеосидан. Бошқарманинг фикрига кўра, ушбу «инсталляция» ва баннер ЙТҲ сонини камайтиришга ёрдам бериши керак.

Буларнинг барчаси расмийлар умуман вазиятнинг жиддийлигини тушунмаётгани ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида тасаввурга эга эмаслигига ишонч ҳосил қилишга имконият яратади.

Умид қиламизки, барча даражадаги ҳокимият органлари, депутатлар ва сенаторлар йўлларда ўлим даражаси ва жароҳатлар муаммосига эътибор беришади ва бу масала бошқа масалалар сингари фаол равишда муҳокама қилинади.