Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга Қозон шаҳридаги отишмада мактаб ўқувчилари ва катталар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«Фожиали воқеа — Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида бегуноҳ болалар ва ёши катталар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар мени чуқур қайғу ва ларзага солди», — дейилади мактубда.

«Ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ушбу мудҳиш зўравонлик ҳаракатини қатъий қоралаймиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

«Сизга, қурбон бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этаман ҳамда жароҳатланганлар тез фурсатда шифо топишларини тилайман», — дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Татаристон президенти Рустам Миннихановга ҳам таъзия билдирди.

Сешанба куни 19 ёшли талаба Ильназ Галявиев Қозон шаҳридаги 175-сонли мактабда қуролли ҳужум уюштирган. Тўққиз киши ҳалок бўлди — етти нафари ёш болалар ва икки катта ёшдаги кишилар, шунингдек, 21 киши жароҳат олган. Икки нафар ўқувчи жуда оғир аҳволда. Татаристонда 12 майни мотам куни деб эълон қилишди.

РИА Новости РФ бола ҳуқуқлари бўйича комиссари Анна Кузнецова таяниб хабар беришича, ҳужум уюштирган шахс кийиниш хонасида портловчи ускунани ҳам ўрнатган бўлган. Унинг портлаши оқибатида эса бинонинг айрим деворларига зарар етган. Бахтли тасодифга кўра, у ерда болалар бўлмаган.