10 май куни Тошкентда йўлни кесиб ўтаётган фуқаро автомашина уриб юбориши оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда шаҳар ИИБ матбуот хизмати.

Ҳодиса соат 11:30 да Янгиҳаёт туманидаги Меҳригиё кўчасида муқаддам 3 февраль куни Учтепа тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси 1-қисмига (Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) мувофиқ транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 18 ойга маҳрум қилинган А.А. (1995 й.т.) Spark русумли автомобилини бошқариб йўл тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда — Б.Р. ни (1998 й.т.) уриб юборган.

Оқибатда пиёда олган жароҳатлари сабабли воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида одам ўлиши) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.