Вилоятда радарларнинг йўналишини ўзгартириб қўйиш ёки симларини узиб кетиш ҳолатлари учраётгани айтилди. Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ Mening yurtim телеканалининг шу ҳақдаги лавҳасини эълон қилди.

Жумладан, Термиз-Ангор йўналишида ҳайдовчилар томонидан бир неча марта ана шундай қоидабузарлик содир этилган. Хабарда икки ҳайдовчининг эътирофлари келтириб ўтилди.

«Йўлда кета-кетгунча Деновдан ўтганда радар турган экан. Радардан озроқ ўтиб тўхтадимда, машинадан тушиб, радарнинг ёнига келиб, радарни озгина бураб қўйгандим. Кейин радар қўйган ходим машинада келиб, озроқ сиққан эди, орқага ҳайдайман деб чуқурга тушиб кетдим. Машанинг олди кўтарилиб қолди», — дейди ҳайдовчилардан бири.

Хабарда қайд этилишича, радарлар ўз жойига ўрнатилган, ҳайдовчиларга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, автомашиналар жарима майдончаларига қўйилган.

Айни вақтда вилоятда 10 та тезликни ўлчаш мосламаси мавжуд бўлиб, уларнинг 9 таси кўчма радарлар экани таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, маълум қилинишича, йил бошидан буён Сурхондарё вилоятида 96 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Автоҳалокатлар натижасида 76 киши турли тан жароҳатлари олган, 40 киши ҳаётдан кўз юмган. Уларнинг аксариятига юқори тезлик сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда тезликни оширгани учун жаримага тортилган ҳайдовчи икки шериги билан қоидабузарликни қайд этган радарга тош отиб, «ўч олган» ҳақида хабар қилинган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 183-моддаси («Майда безорилик») бўйича баённома расмийлаштирилган.