16 декабрь куни Чилонзор тумани «Тошкент савдо маркази» комплекси ҳудудида Н.М. ўз акаси О.М.ни пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказгани ва О.М. олган тан жароҳати билан шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

10 май куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Унга кўра, жабрланувчининг қонуний вакили — марҳумнинг рафиқаси қайнукаси оилани ягона боқувчи экани, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги сабабли озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Ака-уканинг онаси ҳам худди шундай фикрда эканини маълум қилди.

Судланувчи Н.М. га ЖК 104-моддасининг 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) билан ЖКнинг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.