Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳри ҳокимияти яқинида ишчилар намойишга чиқишгани акс этган видео лавҳалар тарқалди. Қайд этилишича, улар ўз иш ҳақлари тўланмагани учун норозилик билдиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ушбу фуқаролар қурилиш ташкилотлари томонидан ишга жалб қилинган бўлиб, ҳақиқатан ҳам уларга ҳақ тўлаш борасида кечикиш юзага келган. Улар эса муаммони бартараф этиш мақсадида ҳокимлик мутасаддиларига мурожаат қилиш учун тўпланишган.

«Айни пайтда барча ишчиларга иш ҳақларининг маълум қисми тўлаб берилган. Қолган қисмини эса 18 майга қадар тўлиқ ҳисоб китоб қилишга ўзаро келишилган. Айни пайтда ҳокимлик томонидан муаммони ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.