Январь-апрель ойларида янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар сони 37,4 мингтани ташкил этди, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 8 242 тага ошди ва ўсиш суръати 128,3 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида ўтган йилга нисбатан янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар бўйича Қашқадарё (2 826 та), Тошкент шаҳри (1 620 та), Фарғона (1 217 та) ва Бухоро (778 та) вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилди.

Маълум қилинишича, энг кўп корхоналар савдо-сотиқ соҳасида ташкил этилган.

1 май ҳолатига кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича (фермер ва деҳқон хўжаликларисиз) янги ташкил этилган корхоналар сони:

  • савдода — 12 269 та
  • саноатда — 7 633 та
  • қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида — 6 058 та
  • қурилишда — 2 479 та
  • яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда — 2 035 та
  • ахборот ва алоқада — 926 та
  • ташиш ва сақлашда — 918 та
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда — 598 та
  • бошқа соҳаларда — 4 436 та.