Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) 28 апрель-5 май кунларида вилоятлар кесимида Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришининг таҳлилини ўтказди.

«Газета.uz» аввалроқ апрелда ўсимлик ёғи 26,5 фоизга, хусусан, пахта ёғи 31 фоизга қимматлашгани ҳақида ёзган эди. ИТИМ маълумотларига кўра, яқинда нархларнинг кескин кўтарилиб кетишига ҳам ташқи бозорларда ўсимлик ёғига бўлган талабнинг ўсгани, ҳам тадбиркорларнинг «мўмай даромад олиш истаги» сабаб бўлган. Марказ, шунингдек, бозорни барқарорлаштириш учун давлат томонидан кўрилаётган чораларни санаб ўтди. Қайд этилишича, кўрилган чоралар ўз самарасини кўрсатишни бошлаган.

«Давлат статистика қўмитасининг тезкор маълумотларига кўра, республика бўйича бир лтир ўсимлик ёғининг ўртача нархлари ҳафта якунларига кўра 0,5 фоизга — 19104 сўмгача арзонлаган. Ўртача нарх даражаси Андижон вилоятидаги бир литри учун 17218 сўмдан Тошкентда — 20596 сўмгачани ташкил этди», — дейилади хабарда.


ИТИМнинг қайд этишича, 9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархининг арзонлашгани кузатилгани, бу кўрсаткич Навоий вилоятида 2,4 фоиз, Самарқанд вилоятида эса 2,2 фоизни ташкил қилган.


Туманлар кесимида бир литр ўсимлик мойи нархларининг энг катта пасайиши Вобкент (8,3% га), Тўрткўл (6,3% га), Жамбой (5,5% га), Элликқала (5,4% га), Пахтачи (5,1) ва Мирзачўлда (5%) қайд этилган.

Марказ маълумотларига кўра, нархлар бир ҳафта ичида фақат 5 та минтақада ўсди, шундан энг юқориси Сирдарё (1,6%), Тошкент вилоятлари ва Тошкент (0,7%) га тўғри келади.

«Ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши ички бозордаги вазиятнинг барқарорлашганидан далолат беради», — дейилади ИТИМ хабарида.

5 май куни ИТИМ ўсимлик ёғи импортига ҚҚСнинг бекор қилиниши арафасида божхона омборларидаги кунгабоқар ёғи ҳажми бир ҳафта ичида 3500 тоннадан 6500 тоннага кўпайганини маълум қилган эди. Бу сунъий тақчилликни келтириб чиқариб, нархларга таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилди.

«Газета.uz» аввалроқ нима учун ўсимлик ёғи нархлари ўсгани, ушбу маҳсулотни қайси компаниялар қаердан ва қанча ҳажмда импорт қилаётгани ҳақида ёзган эди. Мисол учун, 5 та импортёр (245 тадан) 2020 йилда Ўзбекистонга 49 фоиз маҳсулотни олиб кирган.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагинининг импортини ҚҚСдан озод қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Шу билан бирга, айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилмоқда.

Аввалроқ Сенат мажлисида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ўсимлик ёғи импорти ҚҚСдан озод қилиниши сабабли бюджетга 267 млрд сўм тушум тушмаслигини ҳамда ушбу йўқотиш ўрни қандай қопланиши ҳақида маълумот берган эди.

Апрель ойида эса у ҚҚС ставкаларининг пасайтирилиши хизматлар ва товарлар нархининг пасайишига олиб келмаслигини таъкидлаган эди.

«Масалан, Ўзбекистонда бир ярим йил олдин солиқ ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди. Истеъмолчиларнинг бирортаси нархларнинг ҳақиқатдан ҳам 5 фоизга пасайишини сездими? Товарлар ва хизматларнинг мутлақ кўпчилигидаги нархлар пасайгани йўқ. Импорт қилинган маҳсулотлар ҳам арзонлашмади, ваҳоланки 2021 йил январидан бошлаб акцизлар бекор қилинган эди. Бу рақобатнинг йўқлиги ёки истеъмолчи ушбу нархни тўлашга тайёрлигини, натижада чакана савдо уни камайтирмаслигини кўрсатади», — деган эди вазир ўринбосари.