Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг жануби-шарқий ҳудудлари нам ва беқарор ҳаво массалари таъсири остида бўлади, дея хабар берди Ўзгидромет.

Бугун кундуз куни республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида ёмғир кечқурун ёғиши мумкин. Шимолий ҳудудларда ва республиканинг энг жанубида ёғингарчилик кутилмайди.

Кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача республиканинг текислик ҳудудлари бўйича асосан қуруқ об-ҳаво бўлади.

Тоғ олди ва тоғли туманларда ҳафта давомида баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Айрим кунларда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати кечалари 13−18 даража, кундуз кунлари 23−28 даража атрофида бўлади. Бундай ҳарорат май ойининг ўртаси учун ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлади.