30 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Адлия вазирлигининг «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яна бир қадам» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Иштирокчилар президентнинг 3 мартдаги ННТларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори, шунингдек, 2021−2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги президентнинг 4 мартдаги фармони аҳамиятини муҳокама қилишди.

Дарҳақиқат, сўнгги тўрт йил ичида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг мустақиллиги ва фаолият эркинлигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилди.

Бироқ, ушбу чоралар муҳим сифатли ўзгаришларни таъминладими? Ёки ННТларнинг мустақиллиги ва фаолият эркинлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларидаги ўзгаришлар юзаки хусусиятга эга бўлиб, Ўзбекистонда мавжуд бўлган фуқаролик жамиятини тартибга солиш тизимига ўз таъсирини ўтказмай қоладими?

Келинг, ННТлар учун қандай шарт-шароитлар яратилганлиги, нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишга интилаётган ташаббускор гуруҳларга қандай ёрдам бериш кераклиги ҳамда мустақил ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолият олиб бориши учун қандай тўсиқлар мавжудлигига аниқлик киритишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Бу саволларга объектив жавоблар ННТга нисбатан давлат сиёсати натижасига баҳо беришга ёрдам берарди.

Қаерга жойлашиш керак: «ННТ уйлари» ва коворкинг марказлари

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сапаровнинг сўзларига кўра, ННТлар учун офис етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун Навоий, Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида «ННТ уйлари» фаолият юритмоқда. Яқинда Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида шундай уйларнинг очилиши кутилмоқда. 2021 йил охирига қадар ва 2022 йилда бундай уйларнинг қолган вилоятларда, шу жумладан Тошкент шаҳрида ҳам очилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Навоий, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги «ННТ уйлари» негизида ташкил этилган коворкинг марказлари ҳам иш бошлади. ННТларнинг коворкинг марказларини яратиш президентнинг март ойида қабул қилган қарорида ҳам кўзда тутилган ва уларнинг бошқа вилоятларда очилиши 2021−2022 йилларда режалаштирилган. Шунга қарамай, ННТлар фаолиятини амалга ошириш учун моддий-техник базани яхшилаш ва офис учун жой етишмаслиги муаммоси ҳали ҳам долзарб бўлиб турибди.

Президентнинг яқинда қабул қилган қарорига биноан, «ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда» фаолият юритаётган ННТларни «ННТ уйлари»да жойлаштириш Ўзбекистон ННТлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) тавсиясига биноан амалга оширилади. 3 мартдан бошлаб бир ой ичида ЎзННТМА кенг жамоатчилик таклифлари асосида бундай тавсиялар бериш тартибини ишлаб чиқиши керак эди. Бироқ, президент фармони қабул қилинганига икки ойдан кўпроқ вақт ўтди, аммо ЎзННТМА ҳали бу тартибни кенг жамоатчиликка тақдим этмади.

Муаммо шунда бўлиши мумкинки, тизим ҳосил қилувчи ННТ (ёки GONGO — Давлат томонидан ташкил этилган нодавлат ташкилот)лар «ННТ уйлари»да офис олиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлишлари мумкин.

«ННТ уйлари»га биноларни тақсимлашда айнан ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда ишлайдиган фаол ва ташаббускор ННТлар муҳим аҳамиятга эга, чунки улар кўпинча ҳеч қандай давлат кўмагисиз «кўчада» қолиб кетишади. Аммо тизим ҳосил қилувчи ННТлар узоқ вақтдан буён ҳукумат кўмагидан фойдаланиб келишмоқда.

Молиялаштиришга қандай эришиш мумкин: халқаро грантларни ишлатиш учун ҳамон келишиш керак

Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Авазбек Мадаминовнинг таъкидлашича, таҳлилларга кўра, 12 фоизга яқин миллий ННТлар халқаро грантлар билан ишлашда кадрлар етишмаслиги, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий ресурсларнинг етишмаслиги ва бошқа сабаблар билан ўз фаолиятини самарали амалга ошира олмаяпти.

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб ННТлар хорижий манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк қабул қилишлари ва 2021 йил 30 апрель ҳолатига кўра, агар бир тақвим йилида қабул қилинган пул миқдори 100 БҲМ (24 500 000 сўмдан ёки валюта курси бўйича тахминан 2 331 АҚШ долларидан)дан ошмаса, адлия органлари билан келишмаслиги ҳам мумкин. Илгари, бу чегара 20 БҲМни ташкил қилар эди. Шуни таъкидлаш керакки, агар гап халқаро грант ҳақида кетаётган бўлса, банклар рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишув ҳужжатларини шартли равишда тақдим қилишни сўрайди.

Тахминан 2 минг АҚШ доллари миқдорига қандай ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳани амалга ошириш мумкин? Таққослаш учун, битта лойиҳа учун Олий Мажлис ҳузуридаги ННТни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ажратиладиган грант миқдори ҳозирда 40 миллион сўмгача бўлган суммани ташкил қилади. ННТлар ҳар йили ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот бераётган бўлса, нима учун халқаро грантларни рўйхатга олиш органлари билан келишиш тартибидан бутунлай воз кечиш мумкин эмас?

ННТнинг чет элдан келган маблағларини бундай мувофиқлаштириш тизими, шунингдек, хорижлик жисмоний шахслардан пул ёрдамини қонуний равишда олишни қийинлаштиради. Масалан, дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи кўплаб юртдошларимиз хайрия маблағларини йиғишади ва аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳларига, масалан, COVID-19 коронавирус пандемияси каби фавқулодда вазиятларда ёрдам беришни хоҳлашади.

Бироқ, сақланиб қолган мувофиқлаштириш тизимига асосан саратон касаллигига чалинган болаларни даволаш ёки Сардобадаги тўғон бузилишида жабрланганларга ёрдам бериш учун интернет орқали 100 АҚШ долларини шунчаки жўнатишнинг иложи йўқ.

Сўнгги йилларда Парламент комиссияси ННТларни субсидиялар, грантлар ва давлат ижтимоий буюртмаларида қўллаб-қувватлашига қарамай, ННТларни молиялаштиришнинг ички манбалари жуда чекланган. Сўнгги тўрт йил ичида жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 117 миллиард сўм ажратилди. Масалан, жорий йилда ушбу мақсадлар учун 60 миллиард сўм маблағ ажратилган. 2025 йилгача ушбу миқдорни 1,8 баравар ошириш режалаштирилмоқда.

Норасмий кўнгиллилар гуруҳлари ҳақида нима дейиш мумкин?

Матбуот анжуманида норасмий кўнгиллилар ва хайрия гуруҳлари ўзларининг ижтимоий фаолиятини қандай рўйхатдан ўтказишлари мумкинлиги тўғрисида савол берилди. Адлия вазирлиги вакили Авазбек Мадаманинов уларга ННТни рўйхатдан ўтказишни ҳамда жамоат ва давлат ишончининг асоси бўлиб хизмат қиладиган ва фаолиятининг шаффофлигини таъминлайдиган ўз ишларини расмий равишда олиб боришни тавсия қилди.

Авазбек Мадаминов таниқли хонанда Сардор Рахимхон бошчилигидаги «Yurak Amri» ташаббускор гуруҳини мисол келтирди. Маълум бўлишича, гуруҳ ННТни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжат топширган. Бироқ, биринчи бор рад этилганидан кейин улар қайта мурожаат қилишмаган. Эҳтимол, улар бир неча рад қилинганлар ҳақида эшитгандан кейин ўзларининг вақтларини, кучларини ва ресурсларини ННТни рўйхатдан ўтказишга сарфлашни исташмагандир.

Аслида, «Yurak Amri» сингари кўнгиллиларнинг кўплаб ташаббускор гуруҳлари ННТ сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳлашади, аммо бюрократия ва қоғозбозлик жамият учун фойда келтиришга қаратилган беғараз ниятлар йўлида ғов бўлмоқда. Шундай ҳолат 2018 йил ноябрь ойидан бери ННТни рўйхатдан ўтказишда 21 марта рад жавобини олган «Oltin Qanot «Ёш волонтёрлар марказини рўйхатдан ўтказишга уринаётган бир гуруҳ ёш кўнгиллилар билан содир бўлмоқда.

1 майдан бошлаб хайрия маблағларини марказлаштирилган йиғим ва йиғилган маблағлар тарқатилишининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида «Шаффоф Хайрия» Ягона интерактив порталини ишга тушириш кутилган эди. Авазбек Мадаминов, шунингдек, ушбу соҳа «Хайрия фаолияти тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинишини эслатиб ўтди. Бироқ, норасмий волонтёрлар гуруҳлари янги порталда рўйхатдан ўтишлари ва шу асосда ўзларининг хайрия фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари: улар нечта ва уларни қандай рўйхатдан ўтказиш мумкин

Ўзбекистонда нечта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ННТлар фаолият юритаётгани ва ушбу йўналишда ишлаётган нечта ташаббускор гуруҳлар ННТни рўйхатдан ўтказишда рад жавобини олгани тўғрисида берилган саволга Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Авазбек Мадаминов Ўзбекистонда 9160 дан ортиқ ННТ фаолият юритаётганини эслатиб ўтди.

«Барча нодвалат нотижорат ташкилотини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи соҳасидаги ННТ деб ҳисобласак бўлади чунки «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги қонун бўйича оладиган бўлсак буларни асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқлари, демократик қадриятларини ҳимоя қилиш ҳисболанади», деб жавоб берди Авазбек Мадаминов.

У шунингдек, ҳозирги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кам сондаги — бутун республика бўйлаб 15 га яқин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ишлаётганини қўшимча қилди. Мадаминов иккита ташкилотни «Ezgulik» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти ва ўтган йили ҳуқуқ ҳимоячиси Азам Фармонов рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлган «Huquqiy Tayanch» ННТни тилга олди.

«Ўзларини ҳуқуқ ҳимоячиси деб эълон қилган ташкилотлар фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан шуғулланадилар. 9160 ННТлар орасида фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи жуда кўп ННТлар бор деб ўйламайман … Ва кўпинча айнан шу соҳада фаолият юритиш бу каби ННТларни рўйхатдан ўтказиш йўлида тўсиқ бўлмоқда», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниев.

Агар рўйхатдан ўтган ННТларнинг тахминан 66% ни «тизим ҳосил қилувчи ташкилотлар» эканлигини ва уларнинг деярли ярми тегишли ҳукумат қарорлари билан ташкил этилганлигини инобатга олсак, GONGO (Давлат томонидан ташкил этилган нодавлат ташкилот)ларни «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар» деб ҳисобласак бўладими?

Мустақил ННТларни рўйхатдан ўтказиш осонлашдими ёки йўқми — бунга ҳолис баҳо бериш зарур

20 апрель куни Шуҳрат Ғаниев ўзининг Бухородаги «Гуманитар-Ҳуқуқий Маркази» ННТни рўйхатдан ўтказишда тўққизинчи марта рад жавобини олди. Бу сафар унга давлат божини тўлиқ тўламаганлиги ҳақида хабар берилди. Шу билан бирга, нима учун ариза қабул қилинаётганда рўйхатдан ўтказувчи орган вакиллари бу ҳақда хабар бермаганлиги мавҳумлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, унга ташкилотнинг бошқарув кенгаши аъзолари билан боғлиқ қандайдир муаммо борлиги айтилган. Бироқ, кенгаш аъзоларининг барча шахсий маълумотлари намунага мувофиқ тақдим этилган.

«Вазиятнинг ўзи менга бемаъни бўлиб туюлади! Бир томондан, эксперт сифатида мени Олий Мажлис ёки Омбудсман ҳузуридаги комиссиялар ва гуруҳлар аъзоси бўлишга таклиф қилишади ва шу билан бирга, жамоа сифатида қонуний фаолият юритишга ҳаракат қилаётган ташкилот сифатида қайта-қайта деворли тўсиққа учраяпмиз… Ахир менинг яқинда ННТни рўйхатдан ўтказишга уринишим бу Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида иш тажрибасига эга тўққиз нафар ёшларга ННТда кузатувчи сифатида ишлашга имкон беришдир. Ва нима учун бир расмий муассаса бизни эксперт деб тан оладию, иккинчиси эса қайсарлик билан рўйхатдан ўтказишни рад қилади, тушунарсиз», — дейди Шуҳрат Ғаниев.

Йил бошида Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги мустақил гуруҳларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида ҳисобот эълон қилди ва эскирган тартиб Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланган уюшиш ҳуқуқини чеклашини таъкидлади.

HRW материалида Қорақалпоғистондаги «Chiroq», Гуманитар-ҳуқуқий марказ, «Адолатни тиклаш», «Инсон ҳуқуқлари уйи», «Мен тирикман» (Фарғонадаги уйсиз ҳайвонлар учун бошпана) ва «Oltin Qanot» каби мустақил ташаббускор гуруҳлар рўйхати келтирилган.

Ўтган йили муаллиф ҳуқуқшунос Ойбек Исоқов билан биргаликда ННТларни рўйхатдан ўтказишни истаган ўнта ташаббускор гуруҳлар орасида сўров ўтказди. Раддия хатлари ва олинган маълумотларни таҳлил қилиш асосида биз мустақил ННТни рўйхатдан ўтказиш учун ўртача 7 ойдан 10 ойгача вақт керак деган хулосага келдик.

Ҳуқуқ фанлари доктори Леонид Хван ҳам таҳлилларида ННТларни рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги тартиби «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонуннинг тамойиллари ва тартибларига зид келишини таъкидлаган эди.

Биз «Мадад» ННТ юридик ёрдам ботидан фойдаланиш тажрибаси ҳақида ёзган эдик: ботда ёрдам сўровига жавобан, аллақачон ўҳшаш ННТ борлиги ҳақида жавоб берилган эди ва ННТни рўйхатдан ўтказиш масаласида ҳеч қандай юридик мадад кўрсатилмаётганлиги ҳақида бир неча бор таъкидланган эди. Адлия вазири Русланбек Давлетов томонидан ваъда қилинган ННТ уставлари (низомлар)нинг намуналари ҳали ҳануз чоп этилгани йўқ.

ННТларнинг сони ҳар доим ҳам уларнинг сифати ҳақида дарак бермайди

9160 та ННТ катта рақам бўлиб кўринади, аммо эски методика бўйича Адлия вазирлиги битта ташкилотнинг вилоят, шаҳар ҳамда туман филиаллари ва бўлинмаларини алоҳида ННТ деб ҳисоблайди. Шундай қилиб, агар йирик ННТларнинг ҳудудий филиаллари битта ташкилот сифатида ҳисобланса, унда юқоридаги рақам сезиларли даражада камаяди.

Масалан, ўтган йили Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгандан сўнг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси каби ГОНГОлар шунингдек уларнинг кўп сонли ҳудудий бўлинмалари бекор қилинди.

Бироқ, ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ривожланишини фақатгина Ўзбекистондаги рўйхатдан ўтган ташкилотлар сони билан баҳолаш мумкинми? Бундай миқдорий баҳолаш ҳар доим ҳам ННТлар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини кўрсатмайди. Ўзбекистондаги учинчи секторнинг ривожланишини ҳаққоний баҳолаш учун бир неча омиллар ва кўрсаткичларга таяниш зарур.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб адлия идоралари Президент ҳузуридаги жамоат палатаси, ЎзННТМА ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шаклланадиган «ННТ фаолиятининг очиқлиги Индекси»ни ишлаб чиқмоқда ва жорий этмоқда. Шунингдек, ҳар йили ташкилотларнинг фаолияти натижалари бўйича эълон қилинадиган ННТ фаолиятининг рейтинги жорий этилмоқда.

ННТ фаолиятининг очиқлиги учун янги шартлар ННТлардан бажарилган ишлар тўғрисида батафсил ҳисобот эълон қилишни талаб қилади. Бироқ, ННТларнинг барча тадбирлари тўғрисидаги билдиришнома адлия идораларига тадбирдан 20 кун олдин юборилади ва олинган халқаро грантлар хорижий донордан олинган маблағнинг ҳар бир тийинигача адлия идоралари билан мувофиқлаштирилади ва сарф-харажатнинг тафсилотлари батафсил маълум қилинади.

ЎзННТМА орқали тегишли идоралар ННТларнинг ҳар бир ҳаракати устидан қатъий назорат ўрнатишни хоҳлаётгандек таассурот пайдо бўлади, бу фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг умумий тамойилларига зиддир. Шу билан бирга, яқинда Адлия вазирлигининг ўзи ННТлар фаолиятига давлат органларининг аралашуви учун жавобгарлик белгилашни таклиф қилган эди.

Балки ННТларни рўйхатдан ўтказувчи «Адлия органлари фаолияти очиқлиги индексини» ҳам жорий қилиш керакдир? Масалан, бизнесни тартибга солишни баҳолашда бўлгани каби («Doing Business»), «ННТларни рўйхатдан ўтказиш» индикаторини жорий қилиш мумкиндир ва у жараёнларнинг умумий сони, кунларнинг умумий сони ва таъсис ҳужжатларини тайёрлаш харажатлари (жон бошига даромаднинг %) каби параметрларни ўз ичига олиши мумкин. Зеро, ННТларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳар бир такрорий ҳужжатларни тақдим этиш — бу ташаббускор гуруҳлар учун қўшимча харажат ва мустақил фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун бой берилган имкониятдир.

Ҳақиқий тизимли яхшиланишлар бўлишга умид қиламиз

Президент Шавкат Мирзиевнинг уч йил олдин май ойида имзолаган фармони мамлакатни демократик ўзгартиришда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишда туб ўзгаришларни амалга оширишга катта умидлар уйғотган эди. Шундай бўлсада, эскирган ва кераксиз бюрократик талаблар ва тўсиқлар ННТларга чинакам эркинлик ва мустақилликни таъминлашдан кўра устунроқ турмоқда. Бундан ташқари, ваъда қилинган Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳам бир йилдан буён ташкил этилмоқда…

2020 йилда Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзоси этиб сайлангани муҳим воқеа бўлди. Аммо бу Ўзбекистондаги ташаббускор ННТларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартира олмади. Албатта, рўйхатдан ўтиш жараёнида мақсадли яхшиланишлар мавжудлигини инкор этиш мумкин эмас, аммо «ички ошхона»нинг ўзи ўзгаргани йўқ.

Адлия вазирлиги вакиллари ташаббускор гуруҳлар ҳужжатларини қонун ҳужжатлари ва белгиланган тартибларга қатъий риоя қилган ҳолда ўрганаётганликларини даъво қилишмоқда. ННТлар эса рўйхатдан ўтказиш жараёни шаффофсиз ва бюрократик бўлиб қолаётганлигини билдиришмоқда. Шаффофлик йўқлигининг сабаблари — учинчи ташкилотлар томонидан ННТларнинг таъсис ҳужжатлари аноним экспертизаси ҳисобланади.

Мустақил фуқаролик жамияти фаолларининг яқин орада ННТлар тўғрисидаги кодексининг халқаро стандартларга мувофиқ шаклида қабул қилинишига бўлган умидлари сусайиб бормоқда. Адлия вазирлиги биз мерос қилиб олган мустақил ННТларни рўйхатдан ўтказиш ва назорат қилишнинг мавжуд тизимидан жуда мамнундек таассурот уйғонади. Шакилланган тизим эса маслаҳат ва керакли ёрдам бермайдиган ҳамда шу билан бирга «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги қонуннинг талабларига жавоб бермайдиган тизимлигича қолмоқда.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.