Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи нархлари кескин ошгани юзасидан ўрганиш ўтказилди, дея хабар қилди МҚКҚ матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан ёғ-мой корхоналарига биржа савдолари ёки маҳсулотни қайтариш асосида сотилиш белгилланган.

Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрель ойи давомида биржа савдоларига 40та пахта-тўқимачилик кластери томонидан техник чигит савдоларга қўйилгани ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилгани аниқланган.

Бунда, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томониданиш қўзғатилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ МҚКҚ айрим маҳаллий компаниялар пахта чигити нархини асоссиз равишда ошириб юборган ёки бозорда унинг таклифини сунъий равишда ушлаб турган бўлиши мумкинлигини маълум қилган эди. Биржада битта харидор томонидан чигит сотиб олиш миқдори чекланди.

«Улар буйруқни бажаришлари — ўз хатоларини тўғрилашлари керак. Қўмита уларнинг келишув йўли билан тузилган шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Агарда талаб бажарилмаса, маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин», — дея аниқлик киритди МҚКҚ матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда бир литр ўсимлик ёғи нархи ҳафта давомида 0,5 фоизга арзонлашиб, 19,1 минг сўмгачани ташкил этганини маълум қилди. Нархлар 9 вилоятда арзонлашган бўлса, Тошкент ва қолган ҳудудларда қимматлашишда давом этмоқда. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов аввалроқ ҚҚС ставкасининг пасайиши хизмат ва товарларнинг арзонлашувига таъсир қилмаслигини таъкидлаган эди.