2021 йил январь-апрель ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 149,3 трлн сўмни ташкил этган. Бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 41,6 фоизга кўпроқ, дея хабар берди Марказий банк ўз шарҳида.

Маълумотларга кўра, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 75,4 трлн сўмни, чиқим қилинган нақд пуллар эса 73,9 трлн сўмни ташкил этган.

Январь-апрель ойларида банк кассаларидан, шу жумладан, банкоматлардан берилган нақд пуллар 2020 йил январь-апрель ойларига нисбатан 38,5 фоизга ошди.

Бундай ҳолат банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажмининг 10,9 трлн сўмга (1,7 баробар) ҳамда нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун йўналтириладиган нақд пуллар ҳажми 6,5 трлн сўмга (1,5 баробар) ўсиши ҳисобига юзага келди, дейилади шарҳда.

2021 йил январь-апрель ойларида банк карталарига 78,4 трлн сўмлик маблағлар келиб тушган бўлса, ушбу даврда банк карталаридаги 25,9 трлн сўмлик (33,1 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йили январь-июнь ойларида жисмоний шахслар томонидан жами миқдори 3,901 млрд долларга тенг чет эл валютаси билан боғлиқ операциялар (сотиш ва сотиб олиш) амалга оширилгани ҳақида хабар берган эдик.