«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан халқаро темир йўл қатновларини босқичма-босқич тиклаш бўйича Қозоғистон ва Россия темир йўл маъмуриятларига мурожаат юборилди, дея хабар берди компания ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 2020 йил март ойида коронавирус пандемияси муносабати билан халқаро йўловчи поездлари деярли бутун дунёда тўхтатилган.

«Ушбу мурожаат ҳар икки давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва яқин келажакда амалга оширилиши мумкин», — дейилади маълумотда.

Шунингдек, йўловчиларнинг таклифлари ўрганиб чиқилиб, ҳудудларда янги йўналишлар очилди. Хусусан, Термиз — Хива — Термиз, Андижон — Нукус — Андижон, Тошкент — Наманган — Андижон, Андижон — Наманган — Тошкент, Андижон — Хива — Андижон, Тошкент — Олот — Тошкент, Тошкент — Шовот йўналишларида поездлар қатнови йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, «Афросиёб» тезюрар поездларининг бошқа йўналишларда ҳаракатланиш имконияти тўғрисида маълумот берилди.

«Бухоро — Мискин» янги темир йўл линиясида электрлаштириш ишлари якунига етгач, ушбу поездлар Хива шаҳрига қатнайди. Жорий йилда иккита тезюрар «Афросиёб» поезди олиб келинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатнинг тоғли шароити оғир ҳудудларида тезюрар поездлар қатнамайди, чунки ушбу модификациядаги поездни бундай участкаларда ишга тушириш мақсадга мувофиқ эмас, улар бундай ҳудудларда юқори тезликда ҳаракатлана олмайди", дейилади хабарда.