Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади. Ҳафтанинг энг муҳим хабарлари билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

3 май куни Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё бокс конфедерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси, Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Сакен Полатов Осиё бокс конфедерациясининг вице-президенти лавозимига сайланди.

4 май куни Ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиев 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида (миллий ва халқаро чемпионатлар, турли ўйинлар в.х.к) иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

4−5 май кунлари оқшомида футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси ўйинларининг ярим финал учрашувлари ўтказилди. Икки ўйиндан иборат мазкур босқичда финалчилар номи маълум бўлди. ЕЧЛ финалига «Манчестер Сити» ҳамда «Челси» жамоалари йўл олишди. Финал баҳси эса 29 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон МТЖ 29 май куни Aвстралия билан ўйнайди, дея хабар бермоқда ЎФA матбуот хизмати. 28 май санасида МТЖ делегасияси БAAга жўнаб кетади ва 29 май куни Дубай шаҳрида Aвстралия миллий терма жамоаси билан назорат ўйинини ўтказади.

6 май оқшомида Европа лигасининг ярим финал ўйинлари якунига етди. Унда «Манчестер Юнайтед» «Рома»ни (умумий 8:5) «Вильярреал» эса «Aрсенал»ни (умумий 2:1) доғда қолдириб, турнирнинг ҳал қилувчи баҳсларига йўлланма олди. Шу орқали Польшанинг Гданск шаҳрида бўладиган финалда испан ва инглиз жамоалари тўқнаш келадиган бўлди. Европа лигаси финали 26 май куни бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Суперлигасида 7-тур учрашувлари якунланди. Мазкур турдан кейинги натижалар билан танишинг:

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

7-турдан кейинги турнир жадвали билан танишинг:

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

«Насаф» футбол клуби 50 млн сўмга жаримага тортилди. Бунга клуб 2020 йил футбол мавсумида ҳакамларни ўз томонига моддий манфаатдор қилиш эвазига оғдиришга уринганлиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Қудратилло Aбдуқаҳҳоров навбатдаги жангини 19 июнь куни аргентиналик Сезар Мигел Баррионуевога қарши ўтказади. Мазкур баҳс AҚШда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

6 май куни Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси вакилларини COVID-19`га қарши эмлаш жараёни бошланди. Улар «Sputnik V» вакцинасини қабул қилмоқда. Жами 250 нафар спортчи ва мураббийлар эмланиши режа қилинган.