Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
100 ёшгача яшаш
қандай бўлади?
Бу аёллардан ҳар бири 100 ёшдан ошган. Улар ЎзССР ташкил топишидан олдин туғилган, уруш, очарчилик ва «қайта қуриш» даврини бошидан кечирган. «Газета.uz» улардан нима ҳақида афсусланиши ва орзулари, 100 ёшгача яшаш қандай бўлиши ҳақида сўради.
Валентина Филимонова
104 ёшда
Маълумоти: 2-синфни битирган
Мен 1917 йилда Пенза вилояти, Тамалинсктумани, Зубрилово қишлоғида туғилганман. Мен туғилган уй ўша ерда эди.

Онам 8 ёшимда вафот этди, мен эса ҳали ҳам яшаяпман. Мен энди мактабга борганимда ҳамма ёқни тиф касаллиги босганди, ҳамма ҳалок бўлаётган эди. Отамни эсламайман, у олдинроқ оламдан ўтган. Онам эса ақлсизлиги сабаб ўлди. У иссиқ ҳаммомдан кейин уйга келиб, муздек квас ичган. Томоғи бўғилиб қолади. Онам касал бўлиб қолди, мен унга қарадим. Мен печкани қиздирардим, ойим эса унда ухларди.

Онамнинг ўзи нонқиларди. Биз уни ўзимиз экардик. Кейин ойим уни йиғиб, печда пиширарди. У менга ҳам пиширишни ўргатарди. Аммо мен кичкина эдим. Ҳамма гапни тушунардим, лекин пиширишни билмасдим. Онам касал бўлиб қолганидақўшниларимиз бизга нон олиб келиб, ёрдам беришарди. Кейин ойим вафот этди ва мен ёлғиз қолдим.
Бироқ, менинг тўртта акам бор эди. Мен улар билан бирга яшардим. Келинойиларим ёмон эди. Улар мени калтакларди, урушарди. Ўқишга эмас, болаларга энагалик қилишга мажбур қилишарди. Мен икки синфни тугатдим. Эндигина учинчи синфга ўтганимда ҳатто мактабга боришимга ҳам рухсат беришмади. Шу кўйи қолиб кетдим.

Катта келинойим мени тунда уйдан ҳайдаб чиқарарди. Қишлоқда чироқлар ўчган бўларди. Итлар аккилларди, мен эса кўчада эшикка суяниб ўтирардим ва йиғлардим, итлар менга ташланишидан қўрқардим.

Битта акам менга ачинарди. Ваня эди унинг исми. Унинг хотини билан сигири бор эди. Аммо уларнинг ўзиники эмас,ким биландир ярмидан бўлишишарди. У менга бир коса сут келтирарди.
Тошкентга эса мен 1937 йилда келдим. Бу ерда опам яшарди. Унинг эри вафот этди ва боласи қолди. Шундай қилиб у мени ўз уйига олиб келди. Кейин эса у безгак билан оғриб қолди.

Менинг эрим бор эди. У билан ҳам омадим чопмади. У урушда вафот этди. Иккинчи эрим билан ажрашдим. У Россияга кўчиб кетди. Мени ўзи билан чақирди, лекин бормадим. Менга бу ер ёқиб қолди. Бу ер иссиқ, Россия эса совуқ.

Халқободда ишладим, Янгийўл туманида. Совхозда узум ва олма терардим, қум, пичан ғарами ташидим. Ҳамма ерга тўрт ғилдиракли аравада борардим. Ўзим отларни аравага боғлаб, ўзим ечардим. Аввалига билмасдим, кейин ўргандим.

Мен отларга қандай муносабатда бўлишни билардим. Эсимда, битта от тепкиларди, ҳеч кимни яқинлаштирмасди. Ҳеч ким уни тозаламасди, доим ифлос эди. Мен эса уни қўлга ўргатдим. Олдига бораман, бир парча нонни ўзим емайман – унга бераман. Яна нимадир бераман. У эшитиб турадида, кейин тепмайди.

Болалар боғчасида ошпаз бўлиб ишладим. Нафақага чиққанимдан кейин. Бир ошпаз таътилга чиқиб, мендан ўрнига ишлаб туришимни илтимос қилди, гарчи, у ерга даладаги ишчилар киритилмас эди.
Мен ҳар доим ишлашга рози бўлганман. Овқат пиширишга борасанми? Бораман! Олма теришга боғга чиқасанми? Чиқаман! Уруш пайтида ёлғиз яшадим. Отларга қарадим, отхоналарда ишладим. Ҳамма ерда ишлашга тўғри келди.

Агар ҳушим жойида бўлса, мен ҳамма ишни ўзим қиламан. Супураман, кир юваман, чангларни артаман, иложи бўлса, бошимни юваман, озгина ухлайман. Тикишни яхши кўраман. Мен ҳамма ишни қилишни ўзим ўргандим. Илгари кўйлак тикишни билмас эдим. Кимгадир буюртма бериш учун пул бериш керак. Пул эса йўқ. Қаердан оламан? Шундай қилиб, тикишни ва бичишни ҳам ўргандим. Қизимни ҳам ўргатдим.

Фақат ҳозир тиколмайман. Бир кўзим кўрмайди ва ҳалақит беради. Агар ожиз кўзимни юмсам, бошқаси билан кўраман. Газетадаги катта ҳарфларни кўраман, кичикларини кўрмайман. Икки синфни тугатган бўлсам ҳам ўқишни яхши кўраман. Ишлаганимда газеталарни кесиб олардим, ўрганаман деб ўйлардим.
Мен ҳамма нарсани унута бошладим, илгари ҳамма нарса эсимда эди. Ўзингизни яхши ҳис қилсангиз, идрок қиласиз. Эрталаб уйғониб, ҳамма нарса ҳақида ўйлайман. Ҳам йиғлайман, ҳам куламан. Қизим учун йиғлайман. У учун афсусланаман. У Америкада, қўнғироқ ҳам қилмайди. Уларни кўрмайман, шунинг учун ҳам йиғлайман. Ҳеч кимни кўрмайман, ҳамма ишда. Фақатгина деразадан ташқарига қараб ўтираман.

Ҳаётимда ҳеч нарса билан фахрланмайман, чунки мен етим эдим. Кўп нарсаларни бошимдан ўтказдим: яхшини ҳам, ёмонни ҳам.
реклама
реклама
Ҳеч нарсадан қўрқмайман. Фақат йиқилишдан қўрқаман. Яқинда йиқилдим, ҳамма ерим моматалоқ бўлди, биқинларимни уриб олдим. Агар йиқилсам, оёққа туролмайман. Мени биров кўтариши керак. Тиззаларим букилмайди. Менда тизза йўқ.

Албатта, Худога ишонаман. Кимдир бор. Бизни Худо сақлаб туради. Мен нима учун бу қадар узоқ яшаётганимни билмайман. Худо билади. Худо олдига чақирмаяпти. Мен Худодан фақат сабр сўрайман – бошқа ҳеч нарса керак эмас. Ўлимгача чидашим учун сабр. Агар бунга чидай олмасам, унда яшашнинг нима кераги бор?

Мен тинчгина ўлишни орзу қиламан. Шундоқ ётсамда, ухлаб қолсаму, қайта уйғонмасам.
Раҳима Арслонова
102 ёшда
Маълумоти: 3-синфни битирган
Оилада 5 ўғил, 3 қиз эдик. Онам 8 фарзандининг барчасини уйлантириб, тўйини қилиб, уйли жойли қилган эди. Шулардан фақат мен, битта синглим ва битта укам қолди. Ҳозир Салима синглим 86 ёшда.

Менинг отам деҳқон эдилар. Уруш даврларида отам буғдой, дон, тарвуз, қовун экиб, болаларини боқиб катта қилганлар. Уруш тугагач, деҳқончиликдан пишиқчилик бўлиб, ҳосилга барака кириб, яхши яшаб кетганмиз. Сигиримиз бўлар эди, уни соғиб, сутини бозорга олиб бориб сотар эдик. Кейин уйга керакли нарсаларни, ун олиб келардик. Тандирда нон ёпиб, сомсалар қилардик. Мен кўп нон ва сомсалар пиширар эдим.

Мен ишламаганман, чунки 3 синфни битирганман. Бувам бор эдилар, улар: «қизлар ўқимайди, уларга нима кераги бор?» деб ўқишдан олиб қолганлар. Ундан кейин ўқимаганман, фақат шу уйда у-бу иш қилиб, болаларимга тарбия берганман.
Турмушга чиққанимдан кейин, эрим эшикни олдига тандир қуриб берганлар. Кечқурун хамир қилиб қўйиб, улар намозга чиқиб келгунларича, мен нон ёпиб, пишириб қўяр эдим. “Эй, нонинг пишдими?!” дердилар, “Ҳа пишди!” деб жавоб берардим. Шундай қилиб, ҳар куни нон ёпиб, бешта боламни катта қилдим, эрим билан уларга тарбия бердик.

Қайнотам бор, қайнонам ўлиб кетган экан. Унинг ўрнига қайнона-бувим бор эди. Қайнотамнинг акаларининг хотини. Кир ювишим учун менга ўчоқда сув иситиб берардилар. Ҳовлида кир ювар эдик, оёққа пайпоқ ҳам киймас эдик. Ошхонада ўчоқда овқат қилар эдик. Ҳар куни меҳмон келиб, кетиб турар эди. Оёғимиз ҳам оғримабди, касал ҳам бўлмабмиз.

У пайтларда печка, электр деган нарса йўқ.Тўртта сандалимиз бор эди. Сандални оёғига сув тўлдирилган обдастани боғлаб қўяр эдик. Таҳоратга сув исиб турарди.

Биз овсинлар бешта эдик, иккита ички ҳовлида яшар эдик. Ҳеч қачон бир-биримиз билан сен-менга бормаганмиз. Келин бўлиб, эримнинг ака-укаларига хизмат қилганман. Агар бирортаси туғишга шифохонага кетса, мен унинг эрига қараб, ош-овқатини қилиб, кирларини ювиб, болаларига ғамхўрлик қилганман. Мен эримнинг ака-укаларининг кўп дуосини олганман.
Ўтмишда ҳаётимда анча қийинчиликлар бўлган. Урушни бошимиздан ўтказдик.
Акам аммамни ўғли билан урушга борган эди. Унинг орқасидан «қора хат» келди (ҳарбий хизматчининг вафоти тўғрисида расмий хабар –таҳр.). Аммамни ўғли эса бедарак йўқолиб кетди.

Акамнинг ўғли бор эди. Унга давлат ёлғиз қолди деб, уй берди, озиқ-овқатлар олиб берди. Ҳозир у ҳам ўз ҳаётини йўлга қўйиб, яшаб юрибди.

Уруш жуда оғир бўлган. Одамлар тирикчилик қиламан, кунлик егуликни топаман деб бозорга чиқар эди. 1945 йилларда жуда оғир кунларни кўрдик. Ўшанда қайнота-қайноналаримиз ёрдам бериб туришди.

Урушдан кейин дўппилар тикиб, дам олиш кунлари эрталаб вақтли Қўйлиқ бозорига олиб бориб сотиб, тирикчилик қилганман.
1966 йил зилзила бўлди. Ўша йили ер қаттиқ қимирлади. Уйлар бузилиб кетди. Ҳаммамиз кўчага чиқиб ўтирганмиз. Кун бўйи ер қимирлаб турганди. Расмчи амаки қўшнимиз бўлар эди, ўшанда у келиб кўчага чиқиб ўтирган ҳамма хотинларни суратга олганди. Битта холамизни уйлари бузилди, анча вақтгача бизникига келиб яшади. Кейинчалик уй олиб, чиқиб кетишди.

Эрим вақтли оламдан ўтдилар, ўшанда 45 ёшда эдим. Уч қиз ва икки ўғлим билан ёлғиз қолдим. Катта ўғлим ўшанда институтда ўқир эди. У ўқишни тамомлаб, менга, қолган укаларига ва сингилларига ёрдам бера бошлади. У биз учун ота ўрнида ота бўлди.

Оллоҳга шукур, ҳозир ҳамма болаларим институтларни битирди. Ҳаммаси оила қуриб, бола чақали бўлган, ҳозир фаровон яшаб келишаяпти. Болаларимдан фахрланиб яшаяпман. Катта ўғлим яқин жойда ҳовлида яшайди, ҳар куни келиб хабар олади. Кичкина ўғлим ҳар жума келиб, мени кўриб кетади.
Шу ёшда болаларим ва невараларим бағрида яшаётганлигим яхши. 40 дан ортиқ невара ва эвараларим бор. Ёт невараларим ҳам бор. Кўпчилик айтади: “Сиз жуда кўп хизмат қилгансиз, шуни эвазига шу ёшларга кириб, роҳатини кўраяпсиз”, деб. Ҳозир овқатим тайёр, чойим тайёр, кийимларим тоза.

Ҳозир ҳаёт ўзгарди. Худога шукур, пулингиз бўлса, дўконда ҳамма егулик бор. Ҳаёт фаровон бўлди, буни қадрига етиш керак. Тўкин-сочин замонда яшаяпмиз.

Лекин вирус деган бало чиқди, ҳаммани армонда қолдираяпти. Одамлар тўйини қилолмаяпти, бирор жойга бора олмаяпти. Сўнгги 8 ой мен ҳам кам ҳаракатланаяпман. Энди оёғ ўлгур оғрийди. Ҳассага суяниб қолганман. Ҳозир кун бўйи телевизор кўраман, ўғлим радио олиб берган, уни эшитаман. Қизларим, болаларим ҳол-аҳвол сўраб қўнғироқ қилишади, улар билан гаплашаман.
Узоқ умр кўришнинг сири дуоларда деб биламан. “Умрингдан барака топ, болаларингнинг роҳатини кўр” дейдиган дуоларда бўлади.

Ҳозирги ёшлар у нарсаларга эътибор бермайди, чунки улар фаровон ҳаётда яшаяпти, қийинчилик кўрганлари йўқ. Ўзи ишлаб пул топаяпти, қайнота, қайноналар ҳам, ўғил, келинлар ҳам ишлайди. Улар катталарнинг хизматини қилмаса, нимасини дуо қилади?

Ёшлар ўзига айтиши керак: “Эртага мен ҳам шулардек бўламан, уларнинг хизматини қилиб, дуосини олай”, деб.
реклама
реклама
Сизлар ҳам фаровон яшанглар, умринглар узоқ, тан-у жонинглар соғ бўлсин, ишларингни ривожини берсин. Ота-онанглар сизларни роҳатингларни абадий кўрсинлар, умринглар узоқ бўлсин, мени ёшимдан ҳам ошиб кетсин ёшларингиз, ниятларингга етиб юринглар. Ёмонлиқ кўрманглар, бола-чақангларга бош бўлиб, яхши тўйларни кўринглар. Худоё вирус касалликлари тезроқ йўқ бўлсин, омин.
Тўхтажон ая Шерматова
100 ёшда
Маълумоти: ўрта-махсус
Мен 1920 йил Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Дўрмон қишлоғида туғилганман. Опам ва синглим ёш ўлиб кетган экан. Шунинг учун мени ўлмасин деб, исмимни Тўхтажон деб қўйишган экан.

Акаларим темирчи эди. Урушдан соппа-соғ келишган, бир жойига ўқ тегмаган. Кейин одамлар шунча одам ўлиб кетди, қанчаси чўлоқ бўлиб қайтди, бу ака-ука соппа соғ келади, “булар қочган” деб гап тарқатди. Лекин акаларим урушда жуда яхши хизмат қилган.Танка ҳайдашган экан. Кейин уларга медаллар беришди. Улар урушда ҳам темирчилик қилишган экан. “Ўқлар отилиб турибди, биз отга тақа тақамиз. Душман ўқ узаяпти, биз танк тузатамиз”,–деб айтиб беришган. Берлингача боришган, Берлин остонасида ҳам танкларни тузатишган.

16-17 ёшимда эрга беришган. Бизни давримизда учрашув деган нарса бўлмаган. Унақа нарсаларни биз билмас эдик. Мен ҳам, чолим ҳам етим бўлганмиз. Бизда тўй ҳам бўлмаган. Уч-тўртта хотинлар мени уникига олиб бориб қўйган, бўлди. Бошида қийналдим, уялдим, секин секин ўрганиб кетдим.

Битта ўзлари яшарди, ака-укалари йўқ эди. Битта опалари бор эди, улар ҳам Қўйлиқда турар эди. Эрим яхши одам эдилар, бутун умр ҳарбий бўлиб ўтганлар. Камбағални боласи бўлсалар ҳам, жуда очиқ қўл эдилар.
Уруш бошланганда эримни фронтга олиб кетиб қолишди, мен эса иккита болам билан қолдим. Онам билан яшар эдик. Ҳеч нарсамиз йўқ, ейишга овқатимиз ҳам йўқ эди. Колхозда ишласангиз овқат берарди, бўлмаса шу ҳам йўқ. Кейин бир вақтлар иш бўлмай қолди, далага чиқамиз қуруқ қўл билан қайтамиз.

Уруш пайтида Зокир Алматовнинг (1991-2006 йилларда ИИВ раҳбари– таҳр.) онаси раҳматли Мастура опа колхозда ошпаз эди. У менинг идишимга атала қуярди. Бир чўмич онамга, бир чўмич менга, ярим чўмич боламга берар эди.

1941 йили ҳеч нарса қолмаган. Нонлар қоп қора эди, қора кунжарадан қилинган, чайнаса сақичга ўхшарди. Пули бор нон ерди. Бизга ўхшаганлар ея олмаган.

Очарчилик даврида катта ўғлим 3 ёшлик пайтида ўлиб кетди. Магазинчиларга кейинроқ эрим ҳарбийдан ўлмай келса, бераман десам ҳам ейишга нарса бермади. Ундан кейинги фарзандимга қизамиқ тушди, лекин ҳартугул у тузалди. У катта бўлиб 31 ёшга кирганида касал бўлди ва вафот этди.

Бир куни рус танишимнинг уйига бордим, «Тонья ҳеч нарсам йўқ», дедим. У:«Майли хафа бўлма, мен сенга иш топиб бераман», деди. Кейин мени магазинга олиб бориб, шу ерда ёрдамлашиб юрасан деди. Тозалайсан, қарашасан, хўжайин эса сенга ёрдам беради деди. Лекин қарасам бу иш менга тўғри келмайди. Магазиннинг эгаси ҳали гуручим кам дейди, ҳали шакарим кам дейди, ким ўғирлаганини билмайди. Мен бу ерда худо уриб, қамалиб қолмай тағин деб, магазинда ишламай қўя қолай дедим.
Ундан кейин бир рус кампирни уйига бориб, хизматини қилдим. Уникида анча вақт ишладим. Кампирнинг полини, кирини ювдим. Тошкент трактор заводида ҳам ишладим озгина. Иши оғир эди, шунга кўп ишлай олмадим.

Мен хизматини қилган одамлар озгина нон, гуруч, шиша идишда ёғ берар эди. Ўша ерда овқатини емасам ҳам егулик берсин деб ишлар эдим. Бир куни рус кампир менга ея олмайман деб, олиб қўйган нонларидан берди. Уни олиб хурсанд бўп кетдим-да, йиғлаб юбордим. У «ҳали зўр кунлар келади, яхши яшайсан, мана бу болаларинг катта бўлиб олса бўлди» деб айтди.

Уруш тугагач болаларни тарбиялаб, Қибрай туманидаги «Қизил Ўзбекистон» колхозида ишладим. Сабзавотлар, картошка, сабзи, лавлаги, қовоқ экдик. Унга қараймиз, чопиқ қиламиз, пишгандан кейин йиғиб оламиз. Бориб-бориб сабзавот ўрнига пахта экишни бошладик. Кейин маккажўхори экдик. Пишгандан кейин қайирдик, тегирмондан чиқариб, ҳам атала қилиб, ҳам зоғора қилиб, еб кунимизни кўрдик. Еганимиз маккажўхори бўлиб қолди. Ярим йилда бир маротаба озгина пул беришарди. Яхши ишчилар кўпроқ оларди.
Колхозимиз Кўксарой қароргоҳи яқинида жойлашган эди. Илгари девор бўлмаган, бемалол боғига кириб, олма терар эдик, қоқи қилар эдик. Катта ҳовуз бўлар эди, ўшани олдидаги шийпонга Шароф Рашидов чиқиб ўтирардилар. Улар «болаларим, мана бу олмалардан олиб кетинглар, болалар ейди. Урушади деманглар, ҳеч ким урушмайди», деб қўяр эдилар. Биз бўлсак, «Вой олаяпмиз, отахон» дердик. Жуда яхши одам эдилар. Хотинлари далага борсалар хурсандчилик бўлиб кетар эди. Гапириб, ҳаммани кулдирар эдилар. Ўзлари ҳам, қизлари ҳам одамларга ёрдам берардилар, ғўзаларни биргалашиб чопишган вақтида.

Бир куни даладан кучли шовқинни деб Кўксарой томон югуриб келдик. Ҳаммамиз, нима бўлди экан, деб югуриб чиққанмиз. Келиб қарасак, машина ағдарилган. Унда Ҳамид Олимжон бўлган экан. Чиқариб олганларича ўлиб қолибдилар.

Ислом ака Каримов раҳматли. Жуда яхши одам бўлганлар, оғир, босиқ эдилар. Ҳайитларда, байрам кунларида мол, қўй сўйиб, шу атрофдаги аҳолига чиқаришар эди. Ифторликлар қилар эдилар, биз роса дуо қилар эдик.
Тўхтажон аянинг ўғли, олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг ўринбосари
Убайдулла Усмонов ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримов

Эрим ҳали ҳаёт бўлганларида уч йил мазам бўлмай қолган. Картошкали овқат еб, қорним қаттиқ оғриган. Акаларим келиб қараган. Шифокорлар нима бўлаётганини тушунмаган. Ўшанда эримга ҳам ёмон кўринганман. Ишдан чарчаб, оч келарди, кейин зарда қиларди. Аламини кимдандир олиши керак эди-да. Эмаклаб бориб, азгина гўштни қозонга солиб, олов ёқиб, овқат қилиб қўярдим. Яна эмаклаб орқамга қайтаман, юра олмаганман. Шу тарзда аввалига деворни ушлаб юрдим, дам олиб ҳаракат қиладиган бўлдим.

Табиб олиб келишган. У бўлса, фақат суюқлик беринглар, шўрвани сувидан ичиринглар деган. Узоқ қийналдим, кетиб қоламан деб ҳам қўрқдим. Шундан бери ҳозиргача қотган нон ейман. Бўлмаса ошқозоним яна оғрийди. Шундай қилиб бир неча йил яшадим, ўлмадим.

Яна орадан вақтлар ўтди, кейин чолим касал бўлиб қолди. Унга бошқа ғамхўрлик қиладиган одам йўқ. Энди нима қиламан деб роса ўйландим. Олиб сотарлик қил деди эрим. Қўлимдан келмайди, ундан олиб, бошқасига сота олмайман дедим. Ундан кўра кимнингдир хизматини қилганим яхши дедим. Эрим яхши одам эди. 74 ёшларида оламдан ўтди. Ўша вақтда 69 ёшда бўлганман.
Кейин бир ўзбек кампир мени ёнига олди. Узоқ вақт унга ёрдам бериб, ишладим. Бир оз вақтдан сўнг кампир касал бўлиб қолди. “Кимларингиз бор? мен сизни касалингизни боқа олмайман. Дори-дармонларга пулим бўлмаса” дедим, у фалон жойда деб бир адресни берди. Қидириб, қидириб ҳалиги одамни топдим. Улар укалари бўлар экан. “Эээ, ҳич нима қилмайди, ўлса ўлар” деди у одам. Ҳайрон бўлиб, қочиб кетдим. Кампирни ёнига қайтиб бориб, у гап-сўзларни айтиб ўтирмасдан, уйида йўқ экан деб қўя қолдим. Шундай қилиб, у кампир ўтиб қолди.

Ҳаётимиз аста-секин яхшиланди. Нонимиз ҳам кўпайди. Шу тарзда болаларимизни қийналиб катта қилдик. Ҳаммасини ўқитдик. Битта ўғлим вазир ўринбосари бўлди, яна бири агроном бўлди. Қолганлари ҳам секин аста ўз ўрнини топиб кетди.

Тошкент ҳозир жаннат. Бу юришимизни жаннат деса бўлади. Яшашдан фахрланаман, бола чақам олдимда. Худога шукур ҳамма нарсам бор. Пулиз бўлса ҳамма нарса бор, шундан хурсандман. Болаларимга кўпинча уруш вақти ҳақида айтиб ўтираман. Бировнинг уйига борсак дастурхонни очмас эди. Нон қўймас эди. Бундай вақтлар ҳақида орзу қилар эдик. Ношукур бўлманглар, борига шукур қилинглар.

Меҳнатда қариганман, бутун умр меҳнат қилиб ўтдим. Далага чиққанда далани, уйга келганда уйни ишини қилиб кун кечирганмиз. Тўғри овқатланишга, оз оздан ейишга ўрганганман. Шу маҳалгача ҳеч кимни дилини оғритмаганман. Ўзимча шундай, билмадим яна. Нечта келин туширдим, нечта неварани узатдим. Бировга ёмонлиқ қилмадим, ўзим емасам ҳам бировга едирдим.

Мениннг 10 та фарзандим, 28 та неварам, 16 та эварам ва 4 та чеварам бор. Болаларимиз билан тинчликда яшаймиз. Ҳозир кун бўйи фақат ўтириб ейман. Чой олиб кел, бир бурда нон бер деб, еб ўтираман.

Уруш вақтида қрим-татарлар кўпайиб кетди. Улар кечаси бостириб кириб, овқат сўрар эди. Бир кун мен уларга дастурхонни очиб бор нарсамни бердим. Ҳозир ҳеч нарсадан қўрқмайман. Нимага десангиз, оч ўлмайман. Нима десак топилади, ҳамма жойда тўқчилик.
Матнни Сабина Бакаева ва Абдулло Ëдгоров тайёрлашди.
Фотосуратлар муаллифлари: Евгений Сорочин.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ҳикоянгизни s.bakaeva@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг