6 май куни Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси вакилларини коронавирусга қарши эмлаш жараёни бошланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

COVID-19`га қарши эмлашни пара-сузиш бўйича терма жамоа вакиллари бошлаб беришди.

Даставвал терма жамоанинг 11 нафар вакилидан қон таҳлиллари олиниб, уларнинг организми эмлаш учун қай даражада тайёрлиги кўздан кечирилди. Таҳлилий натижалар якунига кўра, 3 нафар спортчи ва 2 мураббийда эмлаш жараёни амалга оширилди.

Бу борада мураббий Равшан Алимов делегация аъзолари орасида вакцина қабул қилган илк вакил бўлди.


Фото: Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

«Режа бўйича делегация аъзоларини эмлаш 1 июнга қадар давом этади ва бу жараённи бокс бўйича терма жамоаси вакиллари якунлаб беришади. Умумий ҳисобда 250 нафар вакилни эмлаш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, делегация вакилларини эмлаш жараёнида «Sputnik V» вакцинасидан фойдаланилмоқда. Йўриқномга кўра, вакцина 21 кун оралиғида 2 маротаба қабул қилинади.

Аввалроқ, Токио Олимпиадаси иштирокчилари COVID-19`га қарши эмланиши ҳақида ёзган эдик. Халқаро олимпия қўмитаси Pfizer ва BioNTech билан Токио Олимпиадаси иштирокчиларига вакциналарни етказиб бериш тўғрисида меморандум имзолаган.